21:00 / 08.09.2017
11713

Ислом Каримов хотира турнирида термизлик ёш футболчилар ғолиб чиқишди

Сайтимизда Самарқанднинг «Динамо» футбол клуби футбол мактаби ташаббуси билан 2006-2007 йилда туғилган болалар ўртасида Биринчи президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган турнир ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

7 сентябрь куни 28та жамоа иштирок этган ушбу турнир ўз ниҳоясига етди ва Олий лиганинг 20-туридан ўрин олган «Динамо»-«Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги учрашувнинг танаффус вақтида ғолиб ва совриндорларнинг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Турнирда 3-ўринни Гулобод қўрғонида жойлашган «Динамо» футбол мактаби тарбияланувчилари эгаллашди. Иккинчи ўрин турнир мезбони — Паст Дарғом туманининг Чархин қўрғонида жойлашган «Динамо» футбол мактаби тарбияланувчиларига насиб этди. Мезбонларни финалда 3:1 ҳисобида мағлуб этишни уддалаган Термизнинг «Сурхон-Пахтакор» жамоаси ёшлари илк турнир ғолибига айланишди.

«Динамо» стадионида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида вилоят футбол федерацияси вице-президенти Шуҳрат Сайфуллаев, «Динамо» футбол мактаби директори Бахтиёр Сатторов ва бошқа мутасаддилар ғолиб ва совриндорларга, шунингдек турнирнинг энг яхи ўйинчиларига олтин, кумуш ва бронза медаллар, эсдалик дипломлари, вимпеллар ҳамда кубокларни топширишди. Шунингдек, совриндор жамоа аъзоларига футбол тўплари ҳам берилди.

«Ушбу турнирни доимий ўтказиб боришни режалаштирганмиз ва келгуси йили чемпионатимизни халқаро даражага кўтармоқчимиз. Ён қўшниларимиз — Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга таклифномалар жўнатамиз. Айни пайтда музокара олиб борганимизда, улар қатнашишга розилик беришди. Озарбойжон ва Россиядан ҳам жамоаларни таклиф этиш ниятимиз бор», — деган эди турнир ташкилотчиси Бахтиёр Сатторов.

 

Шуҳрат Шокиржонов, KUN.UZ мухбири

Фотосуратлар муаллифи: Темур Адашов.

Top