19:38 / 11.09.2017
6644

Хитой ички ёнув двигателли автомобилларни тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда

Хитой ҳукумати мамлакат ҳудудида бензинли ёки дизелли двигателлар билан жиҳозланган автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотишдан тўлиқ воз кечиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда CNN телеканали Хитой саноат ва ахборот технологиялари вазири ўринбосари Син Гобинга таянган ҳолда хабар қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, айни вақтда тақиқни жорий қилиш муддати ҳукуматда муҳокама қилинмоқда. Гобиннинг айтишича, ички ёнув двигателлари билан жиҳозланган автомобилларни тақиқлаш атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва Хитой автосаноати ривожига туртки беради. 

Хитойнинг енгил автомобиллар экспорти билан шуғулланувчи йирик Chery Automobile Co. компанияси вакили Лю Чжицзянинг маълум қилишича, бу тақиқ 2040 йилдан сўнг жорий этилиши мумкин. Унга кўра, Хитой каби улкан бозорга тайёрланиш учун вақт керак. 

Маълумки, 2040 йилдан Франция ва Буюк Британия ҳам бензинли ва дизелли автомобиллар ишлаб чиқаришни тақиқлайди. Бошқа мамлакатлар, хусусан, Германия, Норвегия ва Нидерландия каби давлатлар ҳам шу каби чекловларни муҳокама қилмоқда. 2016 йили Хитойда 28 млн дона автомобиль ишлаб чиқилган, шундан 500 мингтаси электромобилдир. 

Кўплаб хорижий компаниялар, жумладан Mercedes-Benz, Volvo, Audi, Ford ва Tesla Хитойда электромобиллар ишлаб чиқармоқда. 

Top