Жаҳон | 09:55 / 12.09.2017
12267
4 дақиқада ўқилади

EXPO-2017’нинг энг яхши павильонлари аниқланди

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган бутунжаҳон EXPO-2017 кўргазмасида энг яхши павильонлар тақдирланди. Уларни тақдирлашда нафақат кўргазма тематикасига мослиги ҳисобга олинди, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун қулайлигига ҳам эътибор қаратилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Мукофотларнинг икки тоифаси жорий этилди: биринчиси — кўргазма дизайни, расмийлаштирилиши, экспонатлар ва уларнинг кўргазма тематикасига мослиги бўлса, иккинчиси — тематикани очиш, келажак энергияси соҳасида инновацион ечимлар жиҳатига нисбатан белгиланди. Мукофотлар қатнашувчиларнинг ҳар бир жиҳатини баҳолади: дизайндаги инновация, экспонатларнинг тақдим этилиши, бой ва тушунарли ечимлар, павильонлар ичидаги оқимнинг қулай ташриф учун енгил циркуляцияси ва бошқалар.

Қайд этиб ўтиш керакки, энг яхши павильонларни аниқлаш учун миллий павильонлар 4та турга бўлиб олинди: 700 кв.м. ва ундан ортиқ; 400 дан 700 кв.м.гача; 400 кв.м.дан кам; ва қўшма павильонлар.

Кўргазмалар, архитектура соҳасида хизмат кўрсатган ва халқаро кўргазмаларда қатнашиб юрган 9 экспертдан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати икки тоифада — кўргазма дизайни ва кўргазма тематикасини оча олганига қараб, биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин эгаларини аниқлаб беришди.

Қўшма павильонлар орасида «Кўргазма дизайни» тоифасида «бронза» Лотин Америкаси, «кумуш» — Тинч океани ороллари, «олтин» эса Кариб ҳамжамияти павильонларига насиб этди. «Тематиканинг очиб берилиши»да эса «бронза» — Украинага, «кумуш» — Ганага, «олтин» — Тожикистон павильонига кетди.

400 кв.м.дан кам бўлган павильонлар орасида «Кўргазма дизайни»да «бронза» Латвияга, «кумуш» — Словакияга, «олтин» эса Польшага берилди. «Тематиканинг очиб берилиши» тоифасида Чехия («бронза»), Сингапур («кумуш») ва Финляндия («олтин») ғолиб бўлди.

400 кв.м.дан 700 кв.м.гача бўлган павильонлар ичра энг яхши дизайн таснифида «бронза» — Монакога, «кумуш» — Озарбойжонга, «олтин» эса Қатарнинг павильонига берилди. «Тематиканинг очиб берилиши» таснифида учинчи ўрин Ҳиндистон, иккинчи ўрин Венгрия ва биринчи ўрин Швейцария павильонларига топширилди.

700 кв.м.дан ортиқ юзага эга бўлган энг йирик павильонлар танловида «Энг яхши дизайн» номинациясида «бронза» мукофотни Жанубий Корея, «кумуш» — Буюк Британия, фахрли «олтин» медални эса ташкилотчилар Россия павильонига тақдим этишди.

«Тематиканинг очиб берилиши»да эса «бронза» Францияга, «кумуш» Хитой Халқ Республикасига, «олтин» эса Германия павильонларига насиб этди.

Эслатиб ўтамиз, мукофотлаш маросими Лондонда (Буюк Британия) илк бора 1861 йилда ташкиллаштирилган бутунжаҳон кўргазмасидан буён анъанага айланган эди ва 1958 йилда Бельгияда ўтган бутунжаҳон кўргазмасидан сўнг бекор қилинганди. Бутунжаҳон кўргазмалар бюроси ташаббусига кўра орадан деярли 50 йил ўтиб, 2005 йилда Япониянинг Айти шаҳрида ўтган халқаро кўргазмада анъана яна тикланди. Ўшандан буён мукофотлаш маросими бутунжаҳон кўргазмаларнинг ажралмас қисми бўлиб келмоқда.

Мавзуга оид