19:00 / 29.09.2017
15865

Абдулазиз Комилов: Хориждаги ўзбекларни қайтаришда мажбурлашлар бўлмайди

Хориждаги ўзбекистонлик кадрларни Ўзбекистонга қайтаришда ҳеч қандай мажбурлашлар бўлмайди. Бу ҳақида Халқаро Пресс-клубнинг 29 сентябрь кунидаги анжуманида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов таъкидлаб ўтди.

"Биз мана шунча кадр Ўзбекистонга қайтиб келиши шарт, деган талабни ҳеч қачон қўймаганмиз. Агарда кимдир ўз хоҳиши билан чет элдан яхши тажрибага эга бўлиб, ватанига қайтиш ниятида бўлса, биз  уларни қабул қилишга доим тайёрмиз. Ўзбекистон равнақи учун хизмат қилиш истагида бўлган кадрларга барча шарт-шароитлар яратиб берамиз. Бундан ташқари, ҳамюртларимиз чет эл мамлакатларида  муваффақиятларга эришиб, яхши хизмат қиладиган бўлса, албатта, бу ҳам хорижий давлатлар ўртасида қандайдир кўприк вазифасини ўтайди. Фуқароларимиз хоҳласа хорижда қолишсин, хоҳласа ватанга қайтишсин, бу масалада ҳеч қандай зўравонликлар бўлмайди", деди Абдулазиз Комилов. 

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошлар билан бўлган учрашувда мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этиб, уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёр эканлигини қайд этган эди. 

Top