16:40 / 02.10.2017
37898

Аукцион савдоларда сотилган авторақамлар орқали бюджетга 2 млрд. сўмдан ошиқ маблағ тушди

Жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунларида «Ўзбекистон Республика товар хомашё биржаси» АЖда автотранспорт воситалари учун биринчи тоифали рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини сотиш бўйича савдолар ўтказилди. «ЎзРТХБ» АЖ матбуот хизмати берган хабарга кўра, савдолар мобайнида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар учун 36та «олтин» авторақам ва юридик шахслар учун 6та лот сотилди.

Ўтказилган онлайн савдоларнинг натижалари «олий тоифали» автомобиль рақамларга бўлган талаб юқори эканлигини намоён этди. Рақобатли савдолар давомида айрим лотлар бўйича бошланғич нархлар бир неча маротаба кўтарилиб, 70 млн сўмдан ошди.

Умуман олганда ЎзРТХБ нинг www.avtoraqam.uzex.uz тизими ишга туширилган пайтдан бошлаб аукцион савдоларда қиймати 2,0 млрд сўмдан юқори 110дан зиёд автотранспорт воситалари учун давлат рақами белгилари сотилди.

Энг фаол харидорлар — Тошкент ва Тошкент вилояти автоҳаваскорларидир. Бироқ, шу билан бирга республикамиз бошқа ҳудудларининг харидорлари ҳам босқичма-босқич биржанинг ахборот тизимига уланишмоқда. Хусусан, онлайн-аукционлар Қорақолпоғистон Республикаси, Жиззах, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Андижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, савдолар мобайнида харидорлар амалдаги энг яхши нархдан юқорироқ бўлган чекланмаган миқдорда нарх бўйича ўз таклифларини беришлари мумкин. Авторақамлар сотилишидан олинган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади.

Top