Жамият | 21:45 / 04.10.2017
16253
6 дақиқада ўқилади

Ҳуллаи ҳунардан сўз

«Эсимда ўша дамлар, ўзи учар гиламлар»... — бу бир достон, давоми узоқ. Бироқ шу сатрларни эсларканман, булутлар оралаб сузиб бораётган қип-қизил мунаққаш гилам беихтиёр кўз олдимга келади. Безаклари ўзига зап ярашиб тушган, попуклари шамолда оҳиста тебраниб-тебраниб бораётган гилам. У эртак-достондаги бир деталь бўлишдан ташқари, халқ амалий санъатининг гўзал намунаси ўлароқ кўз ўнгимда жилваланади. Ўйлайман: халқ амалий санъати, ҳунармандчилиги шу қадар турфаранг ва кенг бир соҳаки, агар бу намуналарнинг барини, шунингдек, уларни яратган усталар ҳақидаги маълумотларни ҳам ўзида жамлаган бир китоб бўлса-ю, ўқисанг, билсанг, ўргансанг, тўла тасаввур ҳосил қилсанг.

Бироқ ўйларим қумга сепилган сув эмас, бундай китоб бор. Бундай китоб аллақачон «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан чоп этилди: «Ўзбекистон ҳунармандчилиги ва амалий санъати» энциклопедияси.

Мамлакатимизда халқимиз маънавий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида: «...шу юртда яшаётган ҳар қайси инсон ўзлигини англаши, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимизнинг меросини чуқурроқ ўзлаштириши, бугунги тез ўзгараётган ҳаёт воқелигига онгли қараб, мустақил фикрлаши ва диёримиздаги барча ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшаши зарур», деган эди.

Дарҳақиқат, Марказий Осиё санъати қадимийлиги, ўзига хослиги билан дунёга машҳур. Аждодларимиз томонидан яратилган бетакрор, теран мазмунли, юксак бадиий қийматга эга маданий ёдгорликлар, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Тошкент, Шаҳрисабз, Фарғона ва юртимизнинг бошқа шаҳарларидаги тарихий обидалар, халқ амалий санъати намуналари халқимизнинг буюк ўтмишидан ҳикоя қилувчи жаҳон маданиятининг ноёб дурдоналари сафидан жой олган. Бу заминда қад кўтарган обидалар ва тупроқ ости қатламларидан топилаётган осори атиқалар халқимизнинг бой маданий ўтмишидан дарак беради.

Халқимизнинг асрлар бўйи қилган ижодий меҳнати натижасида яратилган ва яратилаётган ўзбек халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатини кўз қорачиғидек асраш, уларни келгуси авлодларга етказиш, ёшларга ўргатиш орқали уларнинг эстетик дидини ўстириш ҳамда юксак маданиятли кишилар қилиб тарбиялаш ҳозирги даврнинг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Ўзбекистон ҳунармандчилиги ва амалий санъатига оид маълумотлар маънавий маданиятнинг таркибий қисми бўлган бадиий маданиятни тарғиб этиш, шахс учун муҳим бўлган қатор сифатларни ривожлантириш, шунингдек, ўқувчиларни миллий меросимиз ҳамда умуминсоний қадриятлар билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.

«Ўзбекистон ҳунармандчилиги ва амалий санъати» энциклопедияси Вазирлар Маҳкамасининг 2015–17 йилларга мўлжалланган амалий тадқиқотлар давлат илмий-техника дастури доирасидаги А-1-30 рақамли «Миллий тимсоллар ва рамзлар энциклопедиясини нашрга тайёрлаш» мавзусидаги лойиҳаси асосида чоп этилди.

Икки жилдлик «Ўзбекистон ҳунармандчилиги ва амалий санъати» энциклопедиясида ўзбек халқ амалий санъати, тарихи ва назарияси, миллий ҳунармандчилик турлари, амалий санъат усталари, ҳунармандларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотларни атрофлича жамлашга ҳаракат қилинди. Мазкур энциклопедия хронологик жиҳатдан Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлган ибтидоий давр маданиятидан бошлаб, ҳозирги давргача бўлган халқ ҳунармандчилиги ва санъатини ифодаловчи мақолалар билан бойитилди. Бунда амалий санъат, халқ ҳунармандчилиги, қисман тасвирий санъат ҳамда меъморчилик тарихи, улардаги техника, ашёлар технологиясига оид қимматли маълумотлар мавжуд.

Энциклопедияга мингдан ортиқ ҳунарманд-уста киритилди. Жумладан, қадимда яшаб ўз мактабларини яратган, тарихий обидаларни қуриш ва таъмирлашда иштирок этган, Ўзбекистон мустақиллиги даврида ижод қилган, Президент соврини учун ўтказиладиган «Ташаббус» кўрик-танлови, халқаро кўргазмалар, «Мустақил юрт ҳунармандлари» анъанавий ҳунармандчилик маҳсулотларининг республика кўргазмаларида ва бошқа нуфузли танловларда иштирок этган, давлат мукофотларига сазовор бўлган ҳунармандлар энциклопедиядан жой олди.

Ушбу китоб атамаларни тушунишдаги ҳар хилликка барҳам берибгина қолмай, халқ усталарининг ютуқлари билан ўқувчиларни таништиришда, ёшларнинг ўзбек халқ амалий санъатини мустақил ўрганишида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий  ҳаётида эришилган ютуқларни, халқимизнинг кўп асрлик бой тарихи, қадриятлари, ўзбек тилининг кенг имкониятларини  атрофлича  илмий акс эттирувчи, уни дунёга танитувчи асосий манба бўлиб хизмат қилишини ўйлаб, мазкур энциклопедиянинг қўлимизда турган иккала жилдини варақларкан, ич-ичдан қувонамиз.

Китоб ранг-баранг суратлар билан бойитилган бўлиб, супермуқовада, икки минг нусхада чоп этилди.

Дарвоқе, сарлавҳага чиқарганимиз «ҳулла» деган сўзни изоҳласак: ҳулла – нафис ва гўзал матонинг номи; у ҳам ҳунармандлар қўлида кўз олувчи ажиб санъат намунасига айланади. Бундай матолар, безаклар, нақшлар, либослар, синч, шифт, гумбазлар безаклари, усуллар, устаю устазодалар, сулолалар... жуда кўп, улар ҳақида китобдан ўзингиз ўқиб билганингиз дуруст.

Мансур Жумаев,
«Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти илмий муҳаррири.

Мавзуга оид