Ўзбекистон | 11:15 / 22.10.2017
36666
2 дақиқада ўқилади

​Туркия фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш визаси олиш осонлаштирилди

Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикаси билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорликни фаоллаштириш учун шу йилнинг 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Туркия Республикаси фуқаролари учун визага оид жараёнларни соддалаштириш тўғрисида»ги ПҚ-3347 сонли қарори имзоланди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайти хабар бермоқда.

Ушбу ҳужжат визаларни расмийлаштириш жараёнини такомиллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатимизга сайёҳлик ва ишбилармонлик мақсадларида келаётган Туркия фуқаролари учун қулайликлар яратади. Ишбилармонлик мақсадларида Ўзбекистонга келаётган Туркия фуқароларига бериладиган, бир йилгача бўлган муддат учун кўп марталик визалар Ўзбекистоннинг хориждаги идораларида 3 иш кунида (ҳужжат топширилган кун эътиборга олинмасдан) расмийлаштирилади. Бунда таклиф этаётган юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиш талаби бекор қилинмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонга бир ойгача бўлган муддатга сайёҳлик мақсадида келаётган Туркия фуқароларига визалар ҳам 3 иш кунида (ҳужжат топширилган кун эътиборга олинмасдан) расмийлаштирилади. Бу ҳолда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва республиканинг бошқа сайёҳлик ташкилотлари ваучерларини тақдим этиш талаби бекор қилинмоқда.

Мавзуга оид