Light | 11:30 / 25.10.2017
26150
6 дақиқада ўқилади

Марк Цукерберг ўз миллиардларини нималарга сарфлайди?

Фото: Getty Images

Цукербергнинг капитали ҳар йили ўртача 9 миллиард долларга ошиб бормоқда - бироқ унинг мол-мулки рўйхатида на яхталар, на суперкарлар ва на хусусий самолётларни кўриш мумкин. BusinessInsider нима учун шундай эканига изоҳ берди.

Facebook ижтимоий тармоғининг 33 ёшли асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг 74 миллиард доллар маблағга эга - йиллар ўтган сари бу рақамлар ўсиб бормоқда.

Bloomberg's Billionaires Index'га кўра, Цукерберг сайёранинг энг бадавлат кишилари орасида бешинчи ўринни эгаллайди, бироқ у ҳашаматдан йироқ. Энг янги автомобиллар, дизайнерлик либослари ва курортлар бўйлаб саёҳатлар - буларнинг бари унга хос эмас.

"Ҳадя ваъдаси" филантроп ташкилоти ва Chan Zuckerberg Initiative фонди ҳаммуассиси Марк Цукерберг ўз бойлигининг катта қисмини хайрияга сафарбар этади. 

Хўш, Марк Цукерберг ва Присцилла Чан ўз миллиардларини нималарга сарфлашади?

Фото: Shannon Stapleton/Reuters

2012 йилнинг майида, яъни асос солинган кунидан саккиз йил ўтиб, Facebook Нью-Йорк фонд биржасида дебют қилди. Ўшанда бу воқеа тарихдаги энг йирик технологик IPO сифатида жаранг сочганди. Шундан буён Цукерберг активларининг соф баҳоси ўртача 9 миллиард долларга ошиб борди.

Фото: Facebook/Zuck

Дунёнинг энг бадавлат техномагнатларидан бири мавқеига қарамай, Цукерберг турмуш ўртоғи Присцилла Чан ва икки қизалоғи билан камтарона ҳаёт кечиради.

Drew Angerer / Staff

Цукерберг Кремний водийсининг кўплаб бошқа гигантлари каби шахсий дресс-кодини маъқул кўради. Бир қараганда, унинг кулранг футболкаларида жалб қиладиган ҳеч нарса йўқ, шундай бўлса-да, улар машҳур брендлар томонидан ишлаб чиқарилади ва кўринишига нисбатан анча қиммат - юзлаб, эҳтимол минглаб доллар.

Getty Images/Kevork Djansezian: 

Бундан ташқари, Цукерберг нисбатан арзон автомобиллардан фойдаланади. Уни Acura TSX, Volkswagen хэтчбеки ва Honda Fit машиналари бошқарувида кўришган - буларнинг ҳеч бири 30 минг доллардан ошмайди.

Фото: Zillow

Цукерберг пулини аямайдиган ягона нарса - кўчмас мулк. 2011 йилнинг май ойида у Пало-Альтода 7 миллион долларга 500 квадрат метр майдонга эга уйни харид қилди ва уни сунъий интеллект билан таъминлади. Бир йўл ўтиб у атрофдаги кўчмас мулкларни харид қила бошлади, у шу тариқа тўрт қўшни уйга 30 миллион доллардан ортиқ пул сарфлади, миллиардер уларнинг барини бузиб, бошидан қурдиришни режалаштирмоқда.

Шунингдек Сан-Францискодаги Мишен-Дистриктда унинг таунхауси бор. 2013 йилда Цукерберг 510 квадрат метрдан зиёд майдонга эга уйни сотиб олди ва уни таъмирлаш ишларига 1 миллион доллардан ортиқ пул сарфлади: у асосий таъмирловдан ташқари иссиқхонани қуриб битказди ва ошхонани қайта қурди.

Фото: Trulia

2014 йилда миллиардер ўз кўчмас мулки географиясини кенгайтирди. У Кауаи (Ҳавайи) оролида Пила-Бич соҳили (160 гектар)ни ва Кахуайна собиқ шакар қамиш плантацияси (145 гектар)ни қўлга киритди. Цукербергнинг сўзларига кўра, у ва аёли мазкур маконни унинг табиий гўзаллигини сақлаб қолиш мақсадида сотиб олишга қарор қилган.

Фото: Facebook/Zuck

Цукерберг кўп саёҳат қилмайди. Бироқ бирор жойга дам олишга кетганида Facebook унинг барча харажатларини қоплайди. 2015 йилда Маркнинг хавфсизлигини таъминлаш ва унинг парвозлари нархи компанияга 5 миллион долларга тушди.

Фото: Facebook/Zuck

Жорий йилда харажатлар анча кўп бўлиши кутилмоқда, зеро Цукерберг бутун ёз 2017 йилги "ҳар бир штатда бўлиш" режасини амалга ошириб, Америка бўйлаб саёҳат қилди. Ноодатий тур давомида СЕО Оҳайодаги уйида оилавий тушлик ташкил қилди, собиқ гиёҳвандлар билан учрашди, Ford заводи конвейерида ишлади, ҳарбийлар билан мулоқотда бўлди ва ҳатто бузоқ боқди.

Фото: Facebook/Zuck

Марк ўз саргузаштларини Facebook саҳифасига жойлаб борди - Цукерберг уларнинг барида бахтиёр кўринарди. У бойликни биринчи ўринга қўймайди ва асосийси - пулларни сарфлаш эмас, уларни бўлишиш, деб ҳисоблайди.

Фото: Beck Diefenbach/Reuters

"Ҳадя ваъдаси" иштирокчисига айланган Цукерберг хайрияни ўзининг асосий миссияси дея эълон қилган Билл Гейтс, Уоррен Баффет ва юзлаб бошқа миллиардерлар қаторига қўшилди. У ўз ҳаёти давомида ўзининг Facebook'даги 99 фоиз акциясини сотишни режалаштирмоқда.

Фото: Tumblr

Цукерберг Facebook келажагини тўлиқ назорат остида ушламоқда, зеро компанияда сўнги қарор унга тегишли. 2016 йилнинг апрелидан ижтимоий тармоқ акциялари нархи 50 фоизга ошди ва Цукерберг Chan Zuckerberg Initiative фондини молиялаштириш мақсадида уларнинг сотувини тезлаштириш нияти ҳақида маълум қилди. Келгуси 18 ой давомида у умумий суммаси 6-12 миллиард доллар бўлган 35-75 миллион акцияни сотишни режалаштирмоқда.

Фото: AP

Унинг баъзи Facebook акциялари Zuckerberg Initiative фондига йўналтирилади. Цукерберг ва Чан бу ташкилотга 2015 йилда асос солишган. У "шахсий ўсиш, касалликларни даволаш, алоқаларни мустаҳкамлаш ва соғлом жамият яратиш"ни ўз олдига мақсад қилган.

Фото: Rick Wilking/Reuters

Chan Zuckerberg Initiative ҳам минтақавий, ҳам глобал даражали муаммоларни ҳал қилади. Ўтган йили Цукерберг ва Чан турли касалликларга қарши курашга йўналтирилган тадқиқотларга 3 миллиард доллар сарфлашди. Бундан ташқари, жорий юз йиллик охирига бориб дунё аҳлини тўлиқ даволаш ҳам фонд режаларида бор. 2017 йилда фонд Landed уй-жой лойиҳаси билан ҳамкорликни йўлга қўйди ва Редвуд-Сити ҳамда Пало-Альто шарқидаги (Калифорния) камида 60 нафар ўқитувчи учун кўчмас мулк харид қилишга 5 миллион доллар тақдим этди.

Мавзуга оид