23:40 / 02.11.2017
10177

Испания суди Пучдемон ва унинг қўл остидагиларни ҳибсга олишга ордер берди

Фото:РИА Новости / Джорди Бойшареу

Испания миллий суд палатаси судьяси ҳозирда Бельгияда бўлган Каталониянинг собиқ раҳбари Карлес Пучдемон ва мухторият женералитетининг қолган маслаҳатчиларини ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда La Vanguardia нашри хабар бермоқда

Шунингдек, Каталония женералитетининг 8 нафар собиқ аъзоси, жумладан Пучдемоннинг ўринбосари Ориол Жункерас ҳибсга олинган. Улар иш кўриб чиқилгунга ҳибсда қолади.

Фақатгина мустақиллик эълон қилиниши арафасида истеъфога чиққан, тадбиркорлик ишлари бўйича собиқ маслаҳатчи Санти Вила 50 минг евро миқдорида гаров пули эвазига озодликда қолиши мумкин.

Мадриддаги миллий суд палатасида женералитетнинг баъзи аъзолари кўрсатмалар берганлар. Каталониянинг собиқ 14 раҳбаридан судга 9 нафари келган. Пучдемон ва яна 4 собиқ вазир судга келишдан бош тортишган. Улар ҳозирда Брюсселда қолмоқдалар.

Пучдемондан ташқари судга женералитнинг собиқ соғлиқни сақлаш маслаҳатчиси Тони Комин, маданият бўйича маслаҳатчи Луис Пуч, қишлоқ хўжалиги бўйича собиқ маслаҳатчи Меричель Серрет ва таълим бўйича собиқ маслаҳатчи Клара Понсанти келмаганлар. Комин ва Серрет кўрсатмаларни  видеоалоқа орқали беришни илтимос қилишган.

Олий судга Каталония парламенти спикери Карме Форкадель ва парламент президиумининг 5 нафар собиқ аъзоси кўрсатмалар беришга келишган. Улар мустақиллик резолюциясини қўллаб-қувватлашган. Уларга нисбатан исён кўтариш ва давлат маблағларини суистеъмол қилиш айбловлари қўйилмоқда. Исённи ташкиллаштириш айблови учун бериладиган максимал жазо эса 30 йилни ташкил қилади. 

Top