Момиқ пахта ҳақида тиконли уч ҳикоя
Биринчи ҳикоя
Ёш врач танишим бор. У минг орзулар билан туман поликлиникасига ишга келди. Қачон суҳбатлашсак: “Ака, тиббиёт касб эмас – фан. Тинимсиз ўқиб, ўз устида ишламаган врач ривожланишдан тўхтаб қолади” деган гапни такрорлагани-такрорлаган. Куну-тун изланиб, беморлар дарди билан яшаётган – ҳаракатдаги врач эди у. Олийгоҳда ташкилотчи бўлгани ишига халақит бергани рост. Сабаби, “каттаконлар” ташкилотчи кишида раҳбарлик қобилиятини тез англашди. Иш бошлаганига икки йил ўтмай: “Туман поликлиникасига бош шифокор бўлдим” дея қўнғироқ қилганида юрагим эзилди. Бунинг боиси ўзимга аён.
Табриклаган киши бўлдим. Қўл остидагилардан ўз ишига маъсулият билан ёндашишни талаб қила бошлагани ҳақида кўп гапириб, муассасани анча тартибга ҳам келтириб қўйди.
Ўтган ҳафта танишим ходимларини пахта теримига жалб қила олмагани сабаби билан ишдан олишибди. Поликлиникасига бордим. Йўлак тўла бемор. Ёш келинчакни қўлида биғиллаб турган чақалоқларни кўриб, таажжубланасан, киши. Врач ва ҳамшираларнинг ярми “миллий ифтихоримиз бўлган пахта йиғим-теримида” экан.
Тошкент вилоятидаги пахта далаларида шифокорлар ва андижонлик ўқитувчилар теримга жалб этилган
Бош шифокор пахта билан тиббиёт, инсон саломатлиги ўртасидаги боғлиқликни топа олмай ишдан кетибди.
Иккинчи ҳикоя
Вилоятдаги барча туманларда тузилмалари бўлган ташкилот раҳбари фиғони фалакка чиқиб айтиб берди: “Барча муассасаларимиздан 5 нафардан ходим олиб, чекка туманга ётоққа теримга борадиган бўлдик. Шарт-шароитлар билан танишгани борганимизда, чўл туманида бир вақтлар минерал ўғитлар дорихонаси бўлган бинони кўрсатишди. Ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган жой экани маълум бўлгач, туман мутасаддилари ва агромассив раҳбарларига қилган мурожаатлар елка қисиш билан якунига етди. 55 нафар киши учун ётоқ, овқатланиш жойи, ҳожатхонани эпақага келтиришга икки кун вақт сарфладик. Табиийки, барча харажатлар ўзимизнинг ҳисобимиздан. Энг қизиғи терим бошланганида бўлди. Пахта теримига тушгач, уни олиб кетгани трактор йўқ. Фермерга қўнғироқ қилсак у келиб: “Мана хўжалик муҳри. Ўзинглар териб, трактор топиб, пахта пунктига топшириб келаверасизлар” дейди.
Пахта мавсуми олдидан: “Йиғим-теримни уюшқоқлик билан ўтказиш” ҳақида машваратлар ўтади. Унда туманлардаги агромассивларга “Ҳашарчиларга барча шарт-шароитлар яратилсин” деган буйруқ берилгани ёдимда. Ходимлар менга: “Ётиб қийналгандан кўра, пул йиғиб пахта сотиб ола қолайлик” дейишади. Юқоридаги раҳбарлар эса ҳар куни одам сони ва терилган пахта ҳақида сводка сўрашни қўймайди. Пахта ўзи кимга кераклигини била олмай ҳалакмиз”.
Учинчи ҳикоя
Учинчи синфда ўқийдиган қизим мактабдан янги гап топиб келди. Айтишича, уларнинг синф раҳбари пахтага ётоққа кетганлиги сабаб, энди иккита синфга бир ўқитувчи дарс ўтар экан. Машғулотлар тушдан кейин ўтиладиган бўлибди. 70 болага бир ўқитувчи. Синф раҳбарига қўнғироқ қиламан: “Опа, пахтага бормайман, десангиз бўлмайдими?”. Муаллима эса: “Иложи йўқ. Ўзим бормасам, ўрнимга одам жўнатишим керак экан. Излаб кўрдим. Топган одамим ўн беш кунга бир миллион сўради. Хабарингиз бор, бу йил ўғил уйладим. Камхаржлигим учун ўзим кетяпман. Бу йил нафақага чиқаман. Муроса қилишга мажбурмиз”, дейди. Бошланғич синф ўқитувчисининг бу гапи ҳам юракни эзади.
Наҳотки, юрт келажагидан кўра пахта муҳимроқ бўлса?..
Якун
Юртимиздаги ижобий ўзгаришларни кўриб хурсанд бўлаяпмиз. Жамиятимизда - шахс омили биринчи ўринга қўйиляпти. Раҳбарлар оддий аҳоли олдига дардини эшитиш учун отдан тушиб, халқ олдига пиёда бораётгани ўз самарасини бераётгани ижобий ҳолат.
Айтишларича, кейинги йилдан пахта терими ҳам бошқача бўлар экан. Масалан мен мана шунга ишонаман. Ҳамма ўз ишини қилиши керак.
Ахир, қишлоқ хўжалиги ўз аравасини тортадиган пайт етиб келган.
Жулқунбойнинг набираси
Мавзуга оид
11:45 / 06.12.2024
Лордан стоматологга: тиш даволатишга келган бемор шифокор шилқимлигига учради
19:11 / 05.12.2024
“Битта бригада кунига 25 тагача чақириққа чиқяпти” — Тез ёрдам қишда қандай ишлаяпти?
18:33 / 29.11.2024
Блогер Фарҳод Манноповнинг вафотида икки шифокор айбли деб топилди
18:33 / 26.11.2024