Жаҳон | 18:20 / 13.11.2017
53236
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон армияларининг тақиқланган қуроллари (фото)

Севги-муҳаббат ва урушда ҳамма воситалардан фойдаланган яхши. Азалдан инсоният ўзини ўзи қириб юборувчи воситаларни чеклашга ҳаракат қилиб келган: қадимги юнонлар камонни қўрқоқлар қуроли деб аташган, ўрта асрларда тўплардан фойдаланиш ва чашмаларни заҳарлашни ноинсоний деб билишган. Бугунги кунда биз ядро бомбаларидан фойдаланишни тақиқлаш пайидамиз. Қуйида dnpmag.com томонидан тузилган рўйхатда энг хавфли қуроллар номи келтирилган бўлиб, жаҳоннинг бирорта армияси формал жиҳатдан уни ишлатмайди. Формал жиҳатдан.

Кимёвий қурол

Кимёвий қуролнинг олтин асри Биринчи жаҳон уруши давридаёқ келиб бўлган эди. Тўғри, 1928 йилда Женевада заҳарли газларни тақиқлаш тўғрисида биринчи баённома имзоланган эди, бироқ бу на Германияга, на Японияга Иккинчи жаҳон уруши даврида улардан фойдаланишга тўсиқ бўла олди. Вьетнамда АҚШ армияси ҳам кимёвий моддаларни ишлатишдан тап тортмаган, шу сабабли кейинчалик — 1997 йилда бундай қуролларни яна бир бор, қатъий тақиқлашга тўғри келди. Бироқ, бугунги кунда ҳам масала тўлалигича ҳал этилмаган: расман кимёвий қуролларнинг мавжуд арсенали фақат 2020 йилга бориб тўлиқ йўқ қилинади.
 

Напалм (ёндирувчи қурол)

1942 йилда АҚШ ҳарбий машинаси душманга энг кўп қирғин келтирадиган ва бошқариш қийин бўлган оммавий ўлдириш қуролига эга бўлди. Напалм Исроил, Ироқ ва Аргентина томонидан ишлатилиб келинаётганди, бироқ 1980 йилга келиб БМТ ёндирувчи қуролни тақиқлаш ҳақида Баённома қабул қилди. Напалм армияларнинг арсеналидан йўқ бўлиб кетармикан? Ким билади дейсиз...

 

Биологик қурол

2001 йилда террорчилар бутун дунё бўйлаб Сибирь куйдиргиси билан зарарланган хатларни йўллаб, жуда ташвишли ҳужумни содир этишди. Бактериологик қурол 1972 йилдаёқ тақиқланган, бироқ ҳеч ким шубҳа қилмайдики, кўплаб давлатлар ҳозир ҳам турли юқумли касалликларнинг уникал штаммлари устида иш олиб боришмоқда ва бундай касалликлар инсоният мавжудлигини сўроқ остига келтириб қўйиши мумкин.
 

Иқлимий қуроллар

Гарчи иқлимга таъсир ўтказиш фақат фантастик романларда бўладигандек туюлса-да, бироқ табиий шароитларга таъсир ўтказиш борасида муваффақиятли мисоллар Вьетнам уруши даврларида ҳам бўлган. «Исмалоқ» деб ном олган ҳарбий операция давомида америкалик олимлар ёмғирлар мавсуми давомийлигини узайтиришга муваффақ бўлишган, бунинг оқибатида партизанлар истеҳкомлари сувга ғарқ бўлиб, коммуникациялари ишдан чиққан. 1978 йилда атроф-муҳитга ҳарбий мақсадда таъсир ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция имзоланган: ҳаттоки ядро қуроли ҳам иқлимий қуроллардан камроқ хавфли деб топилган. Бироқ бу борада тадқиқотлар кўплаб давлатлар томонидан олиб борилмоқда: АҚШ, ХХР ва Россия бу ишланмалар фақат тинчлик мақсадлари учун мўлжалланганини даъво қилишмоқда. Хўп, ишонамиз-да...
 

Пиёдаларга қарши миналар

Вьетнам уруши даврида АҚШ армиясининг пиёдаларга қарши миналар туфайли йўқотишлари 60 фоизга етган. Миналаштирилган майдонлар ҳарбий ҳаракатлардан кўп йиллар ўтиб ҳам инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқда, боз устига, тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлишмоқда. Пиёдаларга қарши миналарни қўллашга нисбатан тақиқ (1997 йили Оттавада қабул қилинган) ҳанузгача кўплаб давлатлар томонидан формаллик сифатида қабул қилинади.

Мавзуга оид