Жаҳон | 13:35 / 14.11.2017
9815
2 дақиқада ўқилади

Омурбек Бабанов «Республика — Ата Журт» фракцияси раҳбарлигини тарк этди

Фото: Омурбек Бабанов

Қирғизистоннинг «Республика — Ата Журт» фракциясининг навбатдан ташқари кенгашида Омурбек Бабанов фракция етакчилик лавозимини тарк этиш қарори муҳокама қилинди. Уни фракция раҳбари ўринбосари депутат Талант Мамитов ўқиб берган. 

Омурбек Бабановнинг сўзларига кўра, «Республика» партияси ва «Республика — Ата Журт» парламентлик фракциясининг фаолияти қонун лойиҳаларини муваффақиятли илгари суриш ва ижтимоий-иқтисодий сиёсатни ўзгартириш учун бирлашган ҳолда ҳаракат қилиш лозим. Фракциянинг янги раҳбари келгуси мажлисда сайланади. 

У айни вақтда хорижда даволанаётганини маълум қилар экан, қайси мамлакатда эканига ойдинлик киритмаган. Бироқ «24.kg» ахборот агентлигининг хабар қилишича, президентлик сайловида мағлуб бўлган Жокоргу Кенеш депутати Карлови Варида даволанишда. Сиёсатчи ўз мактубида нима учун фракцияни тарк этишга қарор қилганини изоҳлаган. 

«Мен ҳозир хорижда даволаняпман. Соғлиғим ҳақида кўплаб тахминларни ўқидим. Улар асоссиз. Мен сизлар билан биргаликда Қирғизистон гуллаб-яшнаши учун курашаман. Мен қайд этишни истардимки, «Республика» партияси ва Жокоргу Кенешдаги «Республика — Ата Журт» фракциясида фаолиятини давом эттирмоқда. Қисқа муддатларда сайлов қонунчилиги, иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни ўзгартиришга қаратилган қонун лойиҳаларини парламент муҳокамасига киритишимиз зарур. Шу сабабли мен «Республика — Ата Журт» фракцияси раҳбарлигини тарк этаяпман», — деб ёзган Омурбек Бабанов ўз баёнотида. 

Маълумки, Омурбек Бабановга нисбатан ҚР ЖКнинг икки моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. 

Мавзуга оид