22:10 / 15.11.2017
15962

Давлатларнинг интернетда калака қилиш билан машғул «троллар фабрикаси» аниқланди

Фото: Sobaka.ru

АҚШнинг Freedom House тадқиқот ташкилотининг ҳисоботига кўра, 30та давлатда ҳукумат тузилмаларининг топшириғига кўра ижтимоий тармоқларда шарҳ ва изоҳлар қолдирувчи «троллар фабрикаси» фаолият кўрсатмоқда, деб ёзади Meduza.

«Троллар фабрикаси» Россия, Мексика, Филиппин, Украина, Беларусь, Малайзия, Марокаш, Мьянма, Қозоғистон, Озарбойжон, Хитой, Баҳрайн, Эрон ва бир қатор бошқа давлатларда борлиги аниқланган. Ҳисоботда қайд этилишича, Россия каби давлатлар пул тўланувчи шарҳловчилардан хорижий давлатлардаги сайлов жараёнига аралашиш мақсадида фойдаланади, лекин «троллар фабрикаси» аксарият ҳолларда ички вазифалар учун қўлланилади.

Бир йил аввал Freedom House «троллар фабрикаси»ни ишлатувчи 26та давлатни аниқлаган эди. Хусусан, ўтган бир йил ичида бу рўйхатга Украина қўшилган.

Тадқиқот ривожланган интернет ҳамжамиятига эга 65та давлатни қамраб олган. Уларнинг фақат 16таси цензура ва интернетда давлатнинг бошқа чекловларидан холи. Россия эркин бўлмаган интернетга эга давлатлар сирасига киради. Хитой интернети энг чекланган давлат сифатида учинчи йилдирки кетма-кет тан олинмоқда, энг эркин интернет эса — Эстонияда.

Россияда «троллар фабрикаси»ни «Интернет тадқиқотчилар агентлиги» деб аташ одат тусига кирган. Унинг ходимлари ижтимоий тармоқларда буюрилган мавзу бўйича изоҳлар қолдиришади. Россиядаги «троллар фабрикаси»ни тадбиркор Евгений Пригожин молиялаштиради, дея тахмин қилинади.

РБК суриштирувига кўра, «Троллар фабрикаси»дан АҚШдаги сайловлар олдидан ижтимоий тармоқларда сиёсий реклама жойлаштириш, АҚШдаги турли жамоатчилик ва сиёсий бирлашмалар фаолиятини имитация қилиш ва намойиш этиш учун фойдаланилган.

Top