22:52 / 14.02.2023
14417

Пригожин «троллар фабрикаси» асосчиси эканини тан олди 

Бунгача у Россия ташвиқот постларини ёзиш билан шуғулланган «троллар фабрикаси»га алоқаси йўқлигини таъкидлаб келган эди. 

Фото: riafan.ru

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин оммавий ахборот воситаларида «троллар фабрикаси» деб аталадиган «Интернет тадқиқотлари агентлиги»нинг асосчиси эканини тасдиқлади. Ушбу ташкилот ходимлари ташвиқот постларини ёзиш билан шуғулланган. 

«Мен «Интернет тадқиқотлари агентлиги»нинг фақат молиячиси бўлмаганман. Мен уни ўйлаб топдим, яратдим, узоқ вақт бошқардим. У Россия ахборот маконини Ғарбнинг ғаразли тажовузкор тарғиботидан ҳимоя қилиш учун яратилди», деди Пригожин. 

Аввалроқ Пригожин ўзини «Интернет тадқиқотлари агентлиги» асосчиси деб атаган оммавий ахборот воситалари билан судлашган. Хусусан, Пригожин ўзи ва «троллар фабрикаси» ўртасидаги алоқаси борлиги ёзилган мақолани туҳмат деб атаб, Британиянинг The Guardian газетаси ва Буюк Британия давлат рақамли хизмати бош ижрочи директори Том Ридни судга берган эди. 

Пригожин, шунингдек, «Вагнер» ХҲК билан алоқаси борлигини кўрсатган журналистларни ҳам судга берган, аммо кейинчалик ҳақиқатан ҳам унинг асосчиси эканини тан олди. Пригожин буни «Вагнер» фаолияти сир тутилиши кераклиги билан изоҳлади. 

«Бир пайтлар мен Венедиктов ва бошқаларни судга беришим керак эди, чунки махфийлик сабабли «Вагнер» мавжуд эмаслигини айтиш зарурати бор эди. «Вагнер» қилган иш ҳар доим ҳам оммавий бўлмаслиги керак. Бундан ташқари, «Вагнер»нинг ҳам Россияда, ҳам чет элда ҳар доим кўплаб душманлари ва ҳасадгўйлари бўлган. Бугун «Вагнер» тўғрисида сукунат режими ўз вазифасини бажариб бўлди, энди мен ўртоқ Венедиктовга судда ғалабани тақдим этишдан мамнунман. Ва агар истак бўлса, мен ютиб чиққанларнинг барчасига», деди Пригожин. 

Top