21:43 / 16.11.2017
18231

Қодиров террорчиликка ёлловчиларни отиб ташлашни таклиф қилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров террорчиликка ёлловчиларга нисбатан портловчи қурилмаларни портлатувчи, одамларни гаровга олувчи ва қўпорувчиликлар амалга оширувчи жангариларга қўлланадиган жазодан ҳам “қаттиққўлроқ жазо” киритилишини қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, уларни “отишга маҳкум қилиш” керак. Қодиров бу ҳақда Instagram’даги саҳифасида ёзган.

“Биламан, террорчи ва ёлловчини қандай қилиб тенглаштириш мумкин, деган гаплар бошланади”, деб айтган Қодиров ва буни нафақат “қилиш мумкинлиги”, балки “қилиш зарурлиги”ни таъкидлаб ўтган. “Террорчиликка ёлланиб, ўз ортидан ўнлаб ва юзлаб қурбонларни олиб келган ҳаракатларни амалга оширишга йўлланган одам агар бу ваҳшийлар унинг қулоқларига қуймаганда ва психологик таъсир кўрсатмаганда бу ишни ҳеч қачон қилмаслиги ҳам мумкин эди”, деб айтди Қодиров ва ёлловчиларни “чашмани чиқар жойида заҳарлаган одамга” қиёслади. 

“Шу сабабли мен ёлловчиларга нисбатан жазонинг нафақат кучайтирилишини қўллаб-қувватлайман, балки энг қаттиққўл чоралар кўрилиши тарафдориман. Айнан бундай одам отишга маҳкум қилинса бўларди, чунки у худкушдан фарқли ўлароқ яшашни истайди, ўлимга бормайди”, деб айтди Чеченистон раҳбари.

16 ноябрда Россия давлат думаси депутатлари террорчилик ташкилотларига ёллаш учун жиноий жазонинг кучайтирилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ маъқуллашди. Бу ҳужжатга кўра, террорчиликка ёлловчиларга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилиши мумкин. 

Top