00:59 / 17.11.2017
13345

Дунёнинг биринчи рақамли теннисчисига туҳмат қилган вазир унга товон пули тўлайдиган бўлди

Фото: AFP

Париж суди Франциянинг собиқ спорт вазири Розелин Башло зиммасига дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Рафаэль Надалга туҳмат қилгани учун товон пули тўлаш мажбуриятини қўйди.

2016 йил март ойида Башло француз телеканали эфирида Надаль 2012 йилда 7 ойни жароҳати туфайли эмас, балки допингга тести ижобий натижа бергани учун ўтказиб юборганини айтган. Бироқ собиқ вазир бу сўзларининг исботи сифатида бирорта далил келтирмаган.

Бир ой ўтиб, Надаль Башло устидан Париж судига даъво аризаси топширган ва ундан туҳмат учун 100 минг евро ундирилишини талаб қилган. Теннисчи агар у ишни ютса, тўланадиган товон пулининг ҳаммасини Франциядаги жамоат ташкилоти ёки жамғармасига ўтказиб беришини айтган. 31 ёшли теннисчининг таъкидлашича, у ҳеч қачон допинг қабул қилмаган.

2017 йил 16 ноябрда Париж суди бу иш бўйича ҳукм чиқариб, Башлони туҳмат қилишда айбдор деб топиб, унга 500 евро жарима солган ва Надалга кўрсатилган моддий зарар ва суд харажатлари учун 12 минг евро тўлашни буюрган.

Надаль ATP’нинг якуний мусобақасидан ўтган ойдан бери уни безовта қилаётган тиззасидаги жароҳат туфайли чиқиб кетди. Надаль зўриқиш оқибатида юзага келган жароҳати туфайли Базелдаги мусобақани ўтказиб юборганди, бир ҳафтадан кейин Париждаги мусобақанинг чорак финали баҳси олдидан ундан чиқиб кетган. 

Надаль якуний мусобақа натижаларидан қатъий назар, мавсумни биринчи рақамли теннисчи сифатида якунлайди.

Top