Спорт | 16:20 / 21.11.2017
21579
9 дақиқада ўқилади

Жавобларга саволлар. Биз ростан ҳам суперлашяпмизми?

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Суперлигаси ҳали бошланмасданоқ, қизигандан қизиб бормоқда. Бу мавзуда нафақат журналистлар, балки расмий шахслар томонидан шунчалик кўп маълумот берилди-ки, маълумот кўпайган сари, саволлар янада кўпайиб бормоқда.

Эсингизда бўлса, (ростанам бу воқеага жуда анча бўлганга ўхшайди гўё), бир ойча олдин олий лигадаги жамоалар сонини 12тага қисқариши ва шунча жамоа иштирокида уч даврали тизимда чемпионат ташкил этилиши ҳақида расмий хабар чиққанди. Кейинроқ, бу формат ҳали такомиллашиш жараёнида экани айтилди, ниҳоят, кеча бошқачароқ тизим ҳақида ўқидик – жамоалар сони 12та, уч даврадан кейин яна бир босқич, жами 38 ўйин – умуман бундай форматларнинг афзалликлари ёки камчиликлари ҳақида тўхталиб ўтиш ниятим йўқ. Мавзу бошқа.

12та жамоа бўлиши аниқми ўзи? Қаердан биламиз?

Масалан, ўша 12 жамоани танлашда, клубларнинг лицензиялаш шартларини қанчалик бажарганликлари кўриб чиқилар экан. Бу шартлар ҳам қисман маълум қилинди: ҳар бир суперлига клуби қўйидаги талабларни бажариши керак экан:

1. Олий лига клублари ўзларининг футбол мактабларига (академия) эга бўлишлари шарт. 

2. Футбол мактаблари (академия) ўз спорт иншоотлари (футбол майдонлари, машғулот заллари, тренажер заллари, ўқув хоналари, ётоқхона) ва спорт асбоб анжомларга (футбол тўплари, спорт формалари, турли тренажерлар, фишкалар, футбол макетлари) эга бўлиши зарур.

3. Футбол мактаблари (академиялари) ўзларининг овқатланиш тизимига эга бўлиши ва сифатли овқатланишни ташкил этиши зарур.

4. Футбол мактабларида (академия) U-10, U-14, U-16, U-18 ёш тоифаларидаги камида 4та жамоа бўлиши шарт.

5. U-16, U-18 ёшли ўсмирлар ўртасида  айланма  (уй-меҳмон) тизимда ўтказиладиган Республика биринчилиги мусобақаларда ўз жамоасини иштирокини таъминлаш.

6. U-10, U-14 ёшли болалар ўртасида регионал ва Республика босқичи тизимида ўтказиладиган мусобақаларда ўз жамоасини иштирокини таъминлаш.

7. Клублар ўзининг Ўзбекистон чемпионатида (олий ёки 1-лигада) иштирок этувчи аёллар жамоасига эга бўлиши  ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиши лозим.

8. Клублар ўзининг Ўзбекистон чемпионатида (олий ёки 1-лигада) иштирок этувчи мини-футбол (футзал) жамоасига эга бўлиши ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиши лозим.

Бу талабларни бажариш учун суперклубларга 2018 йил 1 февралгача муҳлат берилган.

Энди савол туғилади, мана шу икки ой ичида 12 жамоа юқоридаги талабларни бажара оладими? Шунақа талабларни бажара оладиган ўн икки клуб топа оламизми? Деярли барча клубларимиз ҳомийларнинг ёки маҳаллий ҳокимиятларнинг қўлига қараган, демак, улар мустақил тарзда молиявий харажатлар сметасини ёки клуб бюджетини режалаштира олмайдилар.

Агар Суперлигада қатнашиш талаби сифатида маълум шартлар қўйилар экан ва бу шартлар бугунги кунда деярли юз фоиз клубда бажарилмаган экан, 2018 йилги чемпионатда қатнашувчилар сони ҳақида, мусобақа формати ҳақида ҳадеб мунозара қилаверишдан мантиқ кўрмаяпман. Менимча, ўша 1 феврални кутиш ва лицензиялаштириш шартларини бажара олган жамоалар сонига қараб, тақвим, формат, чемпионат ҳақида гапириш тўғрироқ бўларди. Ҳозирдан 12 жамоа қатнашади деб қўйдикми, демак, февралда 12 жамоани топиш керак бўлиб қолади. Бу ҳолда ҳозир оғзимизни кўпиртираётган талабларни юмшатишга ўзимиз мажбур бўлиб қолмаймизми?

Ривожланишга қайси кўчадан кирамиз?

Ривожланиш йўли икки турли бўлади: харажатлар йўли ва даромадлар йўли. Биз қайси йўлни танлаяпмиз?

Харажатлар йўли жуда осон. Ва қийин. Қанчадир миллиард пул бўлса, етарли, стадион, база, академия, аёллар ва футзал жамоалари тузилади – биз ривожландик.

Айтайлик, орадан икки йил ўтиб, ЎФФнинг бирор вакили тахминан мана шундай интервью бериши мумкин – «сўнгги икки йилда футболни ривожлантириш йўлида дадил қадамлар ташладик, юртимизда ўндан ортиқ суперклуб пайдо бўлди ва уларнинг ҳар бирида ўз академияси, аёллар ва футзал жамоалари мавжуд».

Қайсидир маънода у ҳақ бўлар, балким. Авваллари футбол ривожландими, деган маънодаги саволларга юртимизда нечта замонавий стадионлар қурилгани ҳақидаги жавоблар янграр эди. Кўриб турганимиздек, буларнинг ҳаммаси «харажатлар йўли» орқари ривожланишдир.

Даромадлар йўли эса, аввало муносабатлар шаклини ўзгартиради, ўша академиялар ёки футзал жамоалари билан, мухлислар билан ишлаш принципларини белгилаш орқали, мана шу юқорида қўйилган талаблар клубларнинг ўз истакларига айланиб қолади.

Қачонки бир клуб ўз даромадларини ошириб, йилдан йилга ривожлана борса, ўз академиясини, турли жамоаларини кўпайтирса, бу бутунлай бошқа масала. Аммо биз ҳозир шунчаки, клублардан пул сарфлашни талаб қиляпмиз холос. Бу пуллар ниманинг ҳисобига келиши билан қизиқмаяпмиз, демак, ҳеч нарса ривожланмайди.

Қачонки ПФЛ клублар билан биргаликда пул топишни ўрганса, турли менежмент ва маркетинг йўлидаги кўрсатмалар асосида ҳамкорлик қилса, мухлислар ва транслациялар билан ишлаш, трансферлар сиёсатини ўзгартириш, молиявий ҳисоботларни шаффофлаштириш каби талабларини қўя олса, ана ўшанда клублардаги муносабат тубдан ўзгара боради, Академия қуриш, аёллар жамоасини тузиш каби вазифалар табиий эҳтиёжга айланади.

Бугунги кун шароитида эса, айтайлик «Бухоро»дан аёллар жамоаси тузишни талаб қилиш, бу клубнинг «Локомотив»га рақобат қила оладиган кучли таркиб йиғишга қаратилган харажатларини мутлақо кераксиз бўлган йўналишга буриб юборишдан бошқа нарса эмас.

Про Лига (1-лига) қандай бўлади?

Юқори лигадаги жамоалар сони камайтирилиши аниқ бўлгач, энди қўйи лигада ҳам кураш қизғин тус олиши, у ерда ҳам юқорига интиладиган бир нечта жамоа пайдо бўлиши ҳақида жуда кўп гаплар айтилди. Аммо кейинги баёнотлар бу фикрларни ҳам тўзғитиб юборди.

«Биринчи Лига даражасини Олий лигага яқинлаштириш мақсадида бир қанча ўзгаришлар амалга оширилади. Жумладан, келаси мавсумдан бошлаб ҳар бир вилоятнинг бир жамоаси Биринчи Лигада иштирок этади. Бу йўл орқали юртимизнинг барча ҳудудларида футбол ривожланишига эришишни мақсад қилганмиз. Биринчи лига жамоалари таркибида фақат 24 ёшгача бўлган футболчилар тўп суриши белгилаб қўйилади. Бу орқали ёш футболчиларнинг захира ўриндиғига ўтириб қолишининг олдини олиш кўзда тутилган», деганди Умид Аҳмаджонов.

Қаранг, Биринчи лига даражасини Олий лигага яқинлаштириш ҳақида гап бормоқда ва орқасидан, у ерда иштирок этадиган жамоалар таркибида фақат 24 ёшгача бўлган футболчилар белгилаб қўйилар экан. Бу чеклов Биринчи Лига жамоалари савиясини Олий лига клубларидан бадтар узоқлаштириб юбормайдими? Аслида Олий лига жамоасини юта оладиган, мамлакат кубоги мусобақаларида тенг рақобат қила оладиган бир нечта клубга эга бўлиши керак бўлган Биринчи Лигада ҳаттоки Ёшлар Лигаси даражасидан ҳам пасайиб кетмайдими?  

23-24 ёшгача маълум бир Биринчи Лига клубида тўп суриб юрган футболчи 25 ёшга ўтиб, ўзини қайси чўққа урсин? Нафақага чиқиши керакми?

Буёғи янада қизиқроқ.

«Ўзбекистон ПРО-лигасида 16та жамоа иштирок этади. Иккита даврадан иборат мусобақада жами 30та учрашув бўлиб ўтади. 1-ўринни эгаллаган жамоа Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. 2-ўрин эгаси эса Суперлиганинг 11-ўриндаги жамоаси билан 2та плей-офф учрашувини ўтказади», дейилади федерация томонидан кеча эълон қилинган хабарда.

Яъни, Биринчи лигада 2-ўринни эгаллаган жамоа олий лиганинг 11-жамоаси билан ўтиш ўйинида иштирок этар экан. Нима деб ўйлайсиз, ким ютади?

Бутун мавсум Биринчи лигада қатнашган ва таркиб савиясини айнан ўша мусобақа учун мослаштирган жамоа мавсум охирида Олий Лига вакилини қандай қилиб ютади? 25 ёшдан катта футболчиларни ўйнатиш имкониятига эга бўлмаган 1-лига клуби, ҳеч қандай чекловларсиз таркибига эга бўлган Олий Лига аутсайдеридан устун келиши мумкинми?

Мавсум охирида юқори лигага чиқиш учун плей-офф ўйинлари Германия ва Англияда ҳам ўтказилади. Англияда ўтиш ўйинлари фақат Чемпионшип пешқадамлари ўртасида бўлиб ўтади, АПЛдаги сўнгги уч жамоа тўғридан-тўғри лигани тарк этади. Германияда эса, Бундеслига аутсайдери ва 2-бундеслига пешқадами ўртасидаги фарқ у қадар катта эмас. Биз эса, турли чекловлар билан икки лигамиз ўртасида катта жарлик пайдо қилмаяпмизми?

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид