22:37 / 27.11.2017
7668

“Роботлар чой ишлаб чиқариш саноатидаги 13 млн киши ўрнини эгаллайди”

Фото: EAST NEWS

Чой баргларини териш эҳтиёткорлик ва кўз билан чамалашни талаб қилувчи, чой ишлаб чиқаришдаги энг муҳим босқичлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда чой ўсимлигини етиштириш қишлоқ хўжалигининг ҳосили қўлда терилувчи оз сонли тармоқларидан биридир.      

Дунёда чой ишлаб чиқарувчи энг йирик компаниялардан бири Dilmah бош директори Дилхан Фернандонинг айтишича, сунъий онг яқин орада ишчиларнинг ўрнини эгаллашга имкон берувчи билимлар даражасига етиши мумкин. “Мен бир неча йилдан кейин робот ёки дронлар чой баргларини тераётганини кўришимизга ҳеч шубҳа қилмайман”, деб айтган Фернандо. 

Бундай прогноз жуда катта сондаги одамлар учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Барқарор ривожланиш агентлиги Solidaridad маълумотларига кўра, бутун дунёда 13 млн га яқин одам чой ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритади. Чой плантациялари эгаларининг кўпчилиги майда фермерлар бўлиб, автоматлаштиришдан ҳимояланиш учун воситаларга эга эмаслар. 

Фернандо технологиялар чой ишлаб чиқариш соҳаси ишчилари учун реал муаммо туғдириши мумкинлигини тан олган ҳолда, унда ҳозирча бунга ечим бўлмаса-да, кейинроқ албатта пайдо бўлишини айтди. Унинг айтишича, Dilmah асосчиси чой саноатида янги имкониятлар ва касбларни тақдим қилиш учун хайрия жамғармасини ташкил этмоқда. Германиянинг Statista статистик компанияси маълумотларига кўра, АҚШда чой ичимликлари бозори 2021 йилгача 44,3 млрд долларга етади. 

Гап орасида, WalMart ўз дўконларида фаррош роботларни синовдан ўтказа бошлади. Бироқ дўконлар ходимлари бу янгиликдан норозилар, чунки улар иш жойларидан айрилишдан хавотирланмоқдалар. Бироқ компания раҳбарияти ҳеч қандай қисқартиришлар режалаштирилмаётганини айтган.   

 

Top