17:40 / 04.12.2017
30437

Пойтахт клублари мухлис излаб вилоятга чиқсинми?

Номутаносиблик

Ўтган йили мени спорт журналисти сифатида «Навбаҳор» жамоаси ва мухлислар учрашувига таклиф қилишганди. Бирорта ёпиқ залда бўлиб ўтса керак деган фикр билан Наманганга бордим. Мезбонлар мени тўғри стадионга етаклашганидан таажжубландим. Учрашувга эллик-олтмиш чоғли одам келса керак деб адашибман. Марказий стадионнинг тўртта сектори ишқибозлар билан тўла эди. 3 мингга яқин одам тўпланибди. Футбол ишқибози стадионга футбол кўргани келар эди. Йўқ ундай эмас... Мухлисларни ўз жамоасининг ташвишлари ҳам қизиқтирар экан.

Вилоят ҳокимлиги, турли ташкилотлар вакиллари, жамоа бош мураббийи кириб келганида ишқибозлар уларни қарсаклар билан кутиб олишди. Икки соат давомида мутасаддилар ва жамоа мураббийи содиқ ишқибозларнинг саволларига жавоб бериб тургани гувоҳи бўлганман.

Энди, ўтган ҳафта Андижонда бўлиб ўтган воқеага тўхталсам. Ашаддий футбол мухлислари мени шаҳар четидаги мини-стадионда бўлиб ўтадиган футбол учрашувига чақиришди. Энсам қотганича: «Майли шу йигитларнинг сазаси ўлмасин» деб кечки соат 19:00да бўлиб ўтадиган ўйинга йўл олдим. Ишонмаслигингиз мумкин, лекин томошабинлар учун ҳеч қандай шароит яратилмаган мини-стадион атрофи ишқибозга тўлиб кетибди. Кейин суриштирсам, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни Андижон, Наманган ва Фарғонанинг ҳаваскор жамоалари шу ерда куч синашар экан. Жамоаларнинг номлари ҳам оддий - «Балон бозор», «Ёртўла», «Омад», «Гумбаз». Мухлислар: «Бугун фалон жамоада «Ақий» тушади, наригисида эса «Жемба» бор» дея ўйиндан бир соат олдин келиб, баҳсни кутишди. Қарангки, ишқибозлар оддийгина маҳалла йигитлардан тузилган жамоалардаги футболчилардан қаҳрамонлар ясаб ҳам олибди. Ўша куни учта ўйин бўлиши керак эди. Учинчиси охирига етмади. Сабаби, ички ишлар ходимлари келиб, тамошабинлар кетишини сўради. Улар ҳақ эди. Чунки, 100 кишидан кўп одам йиғилган тадбир – оммавий тадбир ҳисобланади. Бундай тадбирни ўтказиш учун эса алоҳида рухсат олиш керак.

Қизиқ ва жавоб топиш мушкул бўлган жиҳат. Олий лига дея аталмуш мусобақанинг олди ўринларида турган жамоалар ўйинига стадион тўлдиргани мажбурлаб мухлис киргизилса, оддий кўча футболидан мухлислар чиқариб юборилса...

Пойтахт футболининг оғриқли нуқтаси

Пойтахт клубларининг бирида матбуот котиби бўлиб ишлайдиган ходимига: «Нега клубингиз ўйинларида мухлис йўқ ҳисоби?» деб савол бериб, зўр жавоб олганман. «Ака, Тошкентда театр, цирк, музей сингари тамошабоп жойлар жуда кўп, шунинг учун». Ҳабба...  Демак, «Манчестер Юнайтед» ўйнайдиган Стретфордда, «Реал» ўйнайдиган Мадридда кўнгилочар жойлар танқис. Ҳа айтгандай, пойтахтимиздаги театр ва музейлар ҳам жуда тўлиб кетгани йўқ.

Бу мавзуда жуда кўп мақола ва кўрсатувлар тайёрланган. Мени эса қайноқ фикрлар билан «янги орол» очиш ниятидан узоқман. Кимдир стадиондаги «мухлислар дефицити»га келишилган ўйинлар ва ҳакамлар нохолислиги айбдор дейди. Бор гап. Яна бошқаси клубнинг ишқибозлар билан иш олиб бориши нотўғри эканини айтади. Янги 12талик суперлигада пойтахт ва Тошкент вилоятидан 5та жамоа қатнашишини ҳисобга оладиган бўлсак, мезбонлар иштирокидаги ўйинлар алоҳида - «кимсасиз ўйингоҳлар лигаси» бўлиши мумкин. Яна бир гап. Ҳар қандай урф яъни мода пойтахтдан тарқалади. Айтинг, айтинг футболда бундай бўлмасин! Телевизор орқали мунтазам жонли эфирда олиб бериладиган ўйинлар ҳам фақат мана шу беш жамоага тегишли эканини ҳисобга олсак, ўсиб келаётган ёшларимиз учун зўр - «футбол антитарғиботи» бўляпти. Улар ёшликдан бизнинг футболга ҳеч ким қизиқмаслигини билиб улғаяётгани ачинарли.

Қизиқ, «Номи улуғ, стадиони қуруқ» жамоалар мутасаддилари чемпионлик медаллари сари уринишдан ташқари, мухлисларни стадионга жалб этишга ҳам эътибор қаратсалар бўлармиди?..

Танаффус пайтида лотерея ташкил қилиш энди алмисоқдан қолган иш. Автомобил ўйналадиган лотереяга ўтказилгач, иккинчи бўлимда ҳеч ким қолмайди. Талабаларни ўйинга мажбуран олиб кириб, мухлис қила олмайсан. Ўйинлар ўтадиган вақтни ишга халақит бермайдиган вақтга тўғрилаш бироз ҳақиқатга яқин омил, холос.                                                             

Ғалати тавсия

Футбол ўзи ғалати ҳодиса. У ростдан ҳам мухлислар учун ўйналади. Олдин ҳам шундай эди, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

«Локомотив» жорий мавсумдаги чемпионлигини нари борса 500 нафар ишқибоз олдида нишонлагандир. Ўйлантирадиган ҳолат. 2003 йилдан бери кучли бешталикка кира олмаган «Навбаҳор»ни шу ютуқ учун қутлагани 9 минг ишқибоз келди. «Насаф»нинг кумуш медалга эга чиқишику Қаршида чинакам байрамга айланганига гувоҳмиз.

Хоразм, Нукус, Андижон каби шаҳарларда футболга қизиқиш жуда катта. Оддий тавсия - бу. «Локомотив» темир йўллар тизимига қарашли. Худога шукр, деярли барча вилоятларимизда темир йўл бор. «Локо» бир-икки йил бирор вилоятда мавсум ўтказсин. Дейлик Нукусда. Ижобий самара бериши тоза гап.

«Бунёдкор» ва «Пахтакор»га алоҳида таклифлар. «Пахтакор»ни - халқ жамоаси дейишади. Миллий фильмларимиздан бўлган «Танка» кинофильмида қаҳрамон халқ артисти ёнига келиб «Халқ артистимисан? Сенинг олдинга халқинг келди», дейдиган жойи бор. Халқ жамоаси дунё футболи тажрибасида бўлмаган ишни амалга ошириш имкониятига эга. Андижонда бир-икки мавсум ўйнаб берсин. Ишонинг, оддий лига ўйинида стадион тўлишига мен кафил. Қитъа кубоги ўйинларида эса доимий аншлаг бўлади. «Бунёдкор» Нукус ёки Урганчда ўйнаб берса қандай яхши. Ахир «Тоғ ёнинга келмаса, сен тоққа борасан», деган ибора бор. «Ўн иккинчи ўйинчи» қандай бўлишини шунда биласиз.

Ўқувчи, сиз сўзларимни ўқиб мийиғингизда кулманг.  Ҳа, ҳақиқатда ғалати тавсия. Лекин, бу лойиҳа ҳам клуб учун ҳам футболимиз яна ишқибозларга жуда фойда бериши мумкин. Асосийси, футболимиз ютади. Аҳли Шош футбол ишқибозлари мендан хафа бўлмасин-у.. Бу орада пойтахтликлар ҳам футболни соғиниб қолади. 

Кейинги йил мавсуми бошланишига уч ойдан кўпроқ вақт бор. Ҳаракат қилиб вилоятлардаги стадионларни талаб даражасига олиб чиқиш мумкин.

Бўладиган гап..

Каминанинг юқорида ёзганларини ҳоҳласангиз жиддий ёки хомхаёл деб қабул қилинг, хоҳишингиз. Эсимни танибманки, футбол ичидаман. Ўтган йили оддий туманда маҳаллий йигитлардан футбол жамоаси ташкил қилдик. Аввалига, иккинчи лига яъни вилоят биринчилигида иштирок этган иккита ўйинимизга 100-200 нафар мухлис келди. Сўнг эса қўшни туманлардаги ўйинларимизга ишқибозлар учун уч-тўрттадан автобус ташкил қилиш зарурияти туғилди.

«Пахтакор» ва «Бунёдкор» пойтахтда ўз футбол академиялари ва тизимига эга. Улар учун бирор вилоятга бориб футбол ўйнаш қийинчилик туғдирар. «Пойтахт жамоалари мутасаддилари астойдил уринса бўлмайдими?» деб ўйланиб қоламан. Савияли мутахассислар билан тўрт-бешта теша тегмаган лойиҳа орқали бир мавсумда беш-олти минг ишқибозни стадионга келадиган қилиб олиш наҳотки оғир иш бўлса?! Ҳалол ўйна, ют. Мухлислар кўнглига йўл топ.

Шунда жамоанг - стадион ҳақиқий футбол ишқибозлари билан тўлиб, бир жисмга айланганича қувватлаб турса қандай бўлишини англайди. Футболни бор жозибаси шунда ахир.

Мамлакат кубоги финал ўйини кўплаб бўш ўриндиқлар билан ўтди. Мураббийлар ўриндиғидан чиққан овоз бўш ўриндиқларга урилиб акс-садо бераётган қуп-қуруқ стадиондаги ўйин мажбуран олиб кирилган «ашаддий фанатлар»га ярим тўла ўйингоҳда ўтди.

Сарлавҳада ёзилиб, кейин батафсил тўхталган фикрим ҳақида ЎФФ ва ПФЛ бир ўйланиб кўрса бўлар эди...

Элмурод Эрматов, Андижон

Top