10:41 / 13.12.2017
12862

«Бизга ҳам керак эмас» - Украина Россия билан темир йўл қатновини тўхтатмоқчи

Фото: Shutterstock

Украина инфратузилма вазири Владимир Омеляннинг маълум қилишича, Киев Россия билан темир йўл қатновини тўхтатиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «112 Украина» телеканали хабар берди.

«Россия билан темир йўли орқали қатнов масаласи ҳозирда биринчи навбатда «Укрзализныца» [«Украина темир йўллари», - таҳ.] томонидан кўриб чиқилмоқда. Ўйлашимча, биз якуний қарор ҳақида 2018 йилда хабар беришимиз мумкин бўлади», - дея айтиб ўтди Омелян.

Унинг сўзларига кўра, Украинада йўловчи поездлардан битта Россия поезди бор бўлиб, у «Кишинёв-Москва» йўналиши бўйича ҳаракатланади ҳамда Москвага йўл олувчи бир неча Украинанинг поездлари мавжуддир». Омеляннинг таъкидлашича, қатновни тўхтатиш ҳақидаги қарор жиддий таҳлил амалга оширилганидан кейин қабул қилиниши мумкин.

Шунингдек, унинг маълум қилишича, Киев Россия поездларининг Украина ҳудуди орқали ҳаракатланиши тўхтатилгани туфайли зарарларга эга бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг “РЖД” компанияси 2017 йилнинг 11 декабридан бошлаб узоқ масофаларга қатновчи барча йўловчи поездларини Украина ҳудудидан ўтмайдиган янги темир йўлига ўтказаётгани хабар берилганди.

 

Top