20:20 / 14.12.2017
30492

Ўзбекистон футболида йилнинг энг яхшилари аниқланди

Бугун, 14 декабрь куни Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида футбол бўйича 2017 йилнинг «Энг яхшилари»ни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Тошкентнинг «Локомотив» клуби Ўзбекистоннинг 2017 йилдаги энг яхши жамоаси сифатида эълон қилинди.

«Локомотив» бу мавсумда кетма-кет иккинчи марта Ўзбекистон чемпионати ва Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди.

Қаршининг «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи учун мукофот топширилди. 

Бу мавсумда Бердиев бошчилигидаги «Насаф» ички чемпионатда иккинчи ўринни қўлга киритди. Мавсум якунида Рўзиқул Бердиев терма жамоага вақтинча бош мураббий этиб тайинланди.

«Локомотив» клуби ҳужумчиси Марат Бикмаев Ўзбекистонда 2017 йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Марат Бикмаев билан бирга номзодлар орасида «Насаф» яримҳимоячиси Баҳром Абдураҳимов ва «Бунёдкор» яримҳимоячиси Отабек Шукуров номзодлари бор эди. 

Бикмаев жорий мавсумда «темирйўлчилар» таркибида Олий лигада жами 25 ўйинда 26та гол киритиб, чемпионат тўпурарига айланди. Шунингдек у ОЧЛда 6 ўйинда 5та гол киритган бўлса, Ўзбекистон кубогида 6 ўйинда 4та голга, жумладан ҳал қилувчи финал ўйинидаги ягона голга муаллифлик қилди.

Бу йил Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси ва мураббийини миллий чемпионатда иштирок этаётган клублар бош мураббийлари ва сардорлари овоз бериш йўли билан аниқлашди.

Шунингдек, маросим давомида «Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» деб «Севинч» футболчиси Людмила Карачик, «Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» сифатида «Пахтакор» вакили Игорь Чикризов, «Йилнинг энг яхши футзалчиси» сифатида «Олмалиқ» футзалчиси  Константин Свиридов, «Йилнинг энг яхши мухлислар жамоаси» сифатида «Қўқон-1912», «Энг яхши футбол академияси» «Насаф» академияси, «Ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшаётган энг яхши чет эллик мураббий» сифатида грузиялик Шота Арвеладзе, «Ёшлар лигаси ғолиби» сифатида «Бунёдкор» жамоалари тақдирланди.

Top