14:59 / 15.12.2017
11124

6 ой. Қозоғистонда қирғизистонлик зобитга ҳукм чиқарилди 

Фото: dailynews.kz

Қозоғистоннинг Кордай тумани суди Қирғизистон Республикаси Бош штаби подполковниги Усен Арстанбековни 6 ойга озодликдан маҳрум қилди. Бу маълумот Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ойимхон Кулукеева томонидан тасдиқланган.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон томони суднинг қарори ҳақида оғзаки хабар берган. Расмий билдиришнома қўшимча тарзда тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Республикаси Бош штаби подполковниги 15 октябрь куни Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги «Ак-Жол-автомобиль йўли» назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинганди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг ёнидан гиёҳванд моддалар топилган. Қирғизистон Республикаси фуқаросини Қозоғистон чегарачилари ушлашди. Подполковник Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти мамлакатларининг «Бузилмас биродарлик-2017» қўшма машқларига йўл олаётган бўлган.

Қирғизистон Республикаси Қуролли кучлари Бош штабида ушбу ҳолат бўйича хизмат суриштируви олиб борилмоқда.

Top