Жаҳон | 00:22 / 16.12.2017
8068
2 дақиқада ўқилади

Актёр Уинстон Черчилль ролини ижро этиш вақтида никотиндан заҳарланди

Фото: AP Photo / Invision

Британиялик актёр Гэри Олдман Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Уинстон Черчилль ҳақидаги “Қоронғи даврлар” фильмининг суратга олиниши давомида 400 тадан кўпроқ сигара чекиши оқибатида “жиддий никотин заҳарланиши” олди.

Маълумки, Черчилль сигара чекишни хуш кўрган. 

“Мен никотиндан жиддий заҳарландим. Сизга тўртдан уч қисми чекилган сигарани тутқазишади ва сўнгра сиз уни чека бошлайсиз. Бир-икки тортишдан кейин у ўчади, сўнгра сизга яна янгисини беришади. Бир саҳнани олишда 10-12 марта тутун тортишимга тўғри келган”, деб маълум қилди актёр Hollywood Reporter’га берган интервьюсида.

Нашр маълумотларига кўра, фильм бюджети 30 млн долларни ташкил қилган ва бу маблағдан 20 минг доллари сигараларга сарфланган.

Актёр заҳарланишини унча катта қурбонлик деб ҳисобламаслигини айтди. “Бу Уинстон Черчилль. Сигарасиз Уинстон Черчилль бўлиши мумкин эмас”, деб айтган актёр.

Янги фильм 18 январдан намойиш қилина бошланади.

Гэри Олдман британиялик актёр, кинорежиссёр, мусиқачи ва продюсер бўлиб, икки марта BAFTA мукофоти билан тақдирланган, “Жосус, йўқол” фильми учун “Оскар”га номзоди қўйилган. 

Уинстон Черчилль 1940-1945 ва 1951-1955 йилларда Буюк Британия бош вазири бўлган. 2002 йилда “Би-Би-Си” томондан ўтказилган сўровномага кўра, тарихдаги энг буюк британиялик деб топилган. 

Мавзуга оид