17:39 / 18.12.2017
15497

Петербургда МРБ ёрдамида қўлга олинган шахслардан бири марказий осиёлик 

Фото: Wikimedia Commons

Санкт-Петербургнинг Смольний тумани суди 17 декабрь куни Тожикистон фуқароси Феруз Калавуров, доғистонлик Шамиль Умаргажиев, ингушетиялик Олисхон Эсмурзиевни 14 январга қадар қамоқда сақлаш ҳақида санкция берди, улар терактларга тайёргарлик кўришда гумонланмоқда. Ушбу шахслар АҚШ Марказий разведка бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумот ёрдамида қўлга олинди, деб хабар бермоқда РБК.

Кремль матбуот хизмати тарқатган хабарга қараганда, маълумот Санкт-Петербург ва Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳужумлар содир этишга тайёргарлик кўраётган террорчиларни қўлга олишда ёрдам берди. Гап, хусусан, Қозон черковида портлаш амалга оширишни режалаштирган жангарилар ҳақида бормоқда.

Уч шахснинг барчаси Россия ИИВнинг Санкт-Петербург ва Ленинград области бўйича Бош бошқармаси «Э» маркази ходимлари томонидан қўлга олинди. Қўлга олиш бўйича амалиёт 14 декабрь куни Санкт-Петербургнинг Центральний ҳамда Киров туманида ўтказилди. Гумонланувчилар ўз айбларини тан олишаётгани йўқ ҳамда уларга қурол-яроғни атайин ташлаб қўйишганини маълум қилишмоқда. Иш материалларида кўрсатилишича, гумонланувчилар Антон Кобец ва Евгений Ефимов билан алоқада бўлишган, бу икки шахс эса Петербургнинг Қозон черковида теракт содир этишга тайёргарлик кўришда гумонланмоқда.

Top