01:21 / 20.12.2017
24967

Фуқаронинг электр таъминотидаги муаммоси бир кунда ҳал этилди, умид қиламиз, бир кунга эмас...

Фото: Казинформ

Кеча, 18 декабрь куни KUN.UZ сайтида вилоятларда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар тилга олинган “Яна бошланди...” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Унда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан сайтга юборилган айрим мурожаатлар келтириб ўтилган ва масъул мутасаддиларнинг бу ишга эътибор қаратишлари сўралган эди.

Бугун, 19 декабрь куни мурожаатлар муаллифларидан бири – Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи Ўткирбек Исламовнинг электр таъминоти бўйича муаммоси мутасадди вакиллар томонидан ўрганилган ва ижобий ечим топган.

Ўткирбек Исламовнинг бизга берган маълумотига кўра, ушбу масала юзасидан аввалига туман электр таъминоти корхонаси раҳбари, сўнгра Наманган вилояти электр таъминоти корхонаси раҳбари Ж.Риззаев шахсан шуғулланган. Улар фуқаро билан самимий суҳбатлашишган, масала юзасидан атрофлича тушунтириш ишлари олиб боришган ва муаммонинг амалий ечим топишида ёрдам беришган.

“Бугун куни бўйи уйимизда чироқ бўлди. Бу нафақат оила аъзоларимизни, балки бутун маҳалланинг қувончига сабаб бўлди. Раҳбарларнинг шахсан ўзи бу ишга киришиб, муаммони ҳал этиши кутилмаган янгилик бўлди. Бу ёғи ҳам шундай давом этишидан умидвормиз”, дейди Ўткирбек Исламов биз билан суҳбатда.

Ўткирбек Исламовнинг таъкидлашича, жойларда электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар, таъмирлашлар ва бошқа муаммолар аҳолига ўз вақтида ахборот тариқасида етказиб турилса, юқоридаги каби тушунмовчиликлар бўлмайди. Бу ҳақда у электр таъминоти корхонаси раҳбарларига ҳам айтганда, улар бироз ҳайрон қолишган, ҳар битта одамнинг уйига бирма бир айтиб юришнинг имкони йўқ дейишган. Масала моҳиятини у қадар тушунишмаган.

Биз ўтган галги мақоламизда ҳам таъкидлаб ўтгандек: ҳозир 21-аср. Технология воситалари ўта ривожланган. Бундан самарали фойдаланиш зарур. Масалан, вилоят электр таъминоти корхонаси раҳбари ўз ҳудудидаги бирор жойда электр билан боғлиқ муаммо юзага келса, буни республикага маълум қилиши, “Ўзбекэнерго” АЖ эса ушбу хабарни ўз сайтида жойлаштириши керак. Мисол учун: “Жорий йилнинг 20 декабрь куни фалон вилоятнинг фалон жойида электр таъминотида 4 соат узилиш бўлади. Келиб чиқадиган ноқулайликлар учун узр сўраймиз”. Тамом, олам гулистон. Одамларимиз тўғри тушунишади, мард кетишади, турли хаёлларга боришмайди.

Мавжуд муаммога масъул раҳбарларнинг тезкорлик билан муносабат билдиришлари қувонарли ҳол. Қолган вилоятлардаги мутасадди вакиллар ва раҳбарлар ҳам фуқаро муаммоси билан ана шундай ишлашидан ва муаммолар ўз вақтида ечим топишидан барчамиз манфаатдормиз.

Top