08:41 / 22.12.2017
7708

Каталония парламентига сайловларда мустақиллик тарафдорлари ғалаба қилдилар 

Фото: Albert Gea / REUTERS

Каталония мустақиллигини қўллаб-қувватловчи партиялар мухторият парламентига муддатдан аввал сайловларда ғалаба қилдилар. Бу ҳақда El Periódico de Catalunya нашри хабар берди.  

Етакчи ўринни “Фуқаролар” партияси 37 та мандат билан эгаллади, бироқ мустақиллик тарафдорлари парламентда мутлақ кўпчилик ўрин олишди – “Каталония учун бирга”, “Каталониянинг сўл республикачилари” ва “Миллий бирдамлик номзоди” партиялари 135 та ўриндан 70 ўрин олишади. Парламентда кўпчиликни ташкил қилиш учун 68 ўринга эга бўлиш лозим. 

Сайловларда иштирок 81,95 фоизни ташкил қилди ва бу рекорд натижа бўлди.

Каталония ҳукуматининг собиқ раҳбари Карлес Пучдемон сайлов натижаларига изоҳ бериб, “мухторият аҳолиси тарих яратганлари – каталон республикаси монархия устидан ғалаба қилганини” айтди. Пучдемон, ўз ҳамфикрларини ғалаба билан табриклар экан, парламент сайловларини Испания бош вазири Мариано Рахойга “тарсаки” деб атади.

“Испания давлати мағлубиятга учради”, деб айтган Пучдемон журналистларга.

“Европа бир нарсани тушуниши керак, Рахой таклиф қилган ечим ишламайди. Рахойни қўллаб-қувватловчилар сукутлари билан бўлса-да, буни сезишлари керак. Каталония ўз келажагини ўзи белгилаши лозим”, деб айтди Пучдемон.

Пучдемон ҳозирда Бельгияда қолмоқда. Испанияда унга исён кўтариш, ҳукуматга бўйсунмаслик ва давлат маблағларини харжлаб юбориш айбловлари бўйича ҳибсга олиниш ва 30 йилгача қамоқ жазоси хавф солмоқда.

Top