Президент Молия вазирига муҳлат берди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида раҳбарлар бугунги давр талабларига мос равишда ишлаши зарурлигини қайд этди.
«Ҳисоботларда гўёки ижобий ўзгаришлар юз бераётгандек туюлади, лекин улар фақат рақамлар, бизга рақамлар эмас, одамларнинг аҳволи, турмуш даражаси яхшиланиши керак. Маҳаллий кенгаш, туман, шаҳар ва республика шу билан шуғулланиши керак.
Айтинглар яна қандай қарор чиқарай одамлар ишониши учун? Бир йилда битта депутат менга хат билан чиқмади. Кеча бюджет муҳокама қилинганини кўрдим. Жаноб Қўчқоровни чақиб-чақиб олишганини кўрдим. Тўғри қилишди. Депутатлар маъқуллаган бюджетни мен имзоламайман. Молия вазирлигидаги ноинсофларга қулай бўлган бюджетни эмас, халқимизга осон бўлган бюджетни имзолайман.
Нима учун Молия вазирлигини ўзгартирдим, Молиянинг «М» ҳарфини тушунмайдиганларни ҳайдаб юбордим, раҳбарлари кетди, лекин пастдаги «каламушлар» ўтирибди.
Қўчқоров ўзгариш қилмаса бир ойда ишдан ҳайдайман. Аввалги «молиянинг ҳиди» келиб турибди, ташқаридан ишлар олиб бориб турибди бир-иккитаси. Эртанги кунни ўйлайдиган Молия керак менга», деди президент.