14:39 / 02.01.2018
71188

Ўзбекистонда туризм қай аҳволда ва уни ривожлантириш учун нималар қилиш керак — мутахассис таклифлари

Сайёҳлик (туризм) соҳаси дунё иқтисодининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Унинг кенг қамровли тараққиёти эса, кўплаб мамлакатлар учун катта даромад манбаига айланиб бормоқда.

БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотида 2015 йилда дунё бўйича 1 миллиард 184 миллион сайёҳ қайд этилган бўлса, 2016 йил якуни бўйича бу кўрсаткич 1 миллиард 235 миллионга яъни, 3.9 фоизга ошган. Саёҳатчиларга кўрсатилган экспорт хизматлари қиймати 2015 йилда қарийб 1,5 триллион АҚШ долларини ташкил қилган. 2016–2017 йилларда ҳам бу рақамларда катта тафовутни кўриш мумкин.

Бундан кўриниб турибдики, сайёҳлик соҳаси бугунги куннинг энг муҳим иқтисодий соҳаларидан бирига айланди. Шу боис дунёнинг кўплаб давлатлари ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада тегишли инфраструктурани жаҳон стандартлари даражасида яратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш бўйича барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Туризмнинг самарадорлик даражаси қуйидаги рақамларда ўз аксини топган:

2015 йилда энг кўп хорижлик меҳмонларни қабул қилишда Франция (83,7 миллион), АҚШ (74,8 миллион), Испания (65,0 миллион), Хитой (55,6 миллион) ва Италия (48,6 миллион) кучли бешликда туришибди. Германия, Буюк Британия, Россия ва Мексика кучли ўнталикдан жой олган. Бироқ бу кўрсаткич бўйича Европа ва Осиёнинг бир нечта шаҳарлари етакчилик қилмоқда. Бунга мисол қилиб Ҳонгконг (27,7 миллион), Лондон (17,4 миллион), Сингапур (17,1 миллион), Бангкок (16,2 миллион) ва Париж (15,0 миллион) сингари шаҳарларни келтириш мумкин.

150-ўрин Ўзбекистон учун асло хос эмас

Афсуски, Ўзбекистон бу соҳада ҳали анча орқада эканлигини кўриш мумкин. Хусусан, Бутунжаҳон туризм ва саёҳатлар бўйича кенгаши (БТСК) томонидан берилган баҳога кўра, Ўзбекистон сайёҳлар ташрифи бўйича дунё мамлакатлари орасида 150-ўринни эгаллайди.

Юртимиз жаҳон сайёҳлик бозорида ўз ўрнига эга бўлишига қарамасдан, туристларга қулай шароит яратиш, сервис хизматини яхшилаш, сайёҳлик обидаларининг жозибадорлигини ошириш ва рекламани кучайтириш даражаси жуда паст. Шунинг учун бу борада сезиларли ўсиш ҳақида фикр юритиш ана шу омилларга боғлиқ.

Туризм бўйича рақобатбардош мамлакатлар рейтингида дунёдаги (маданий захиралар, арзон инфратузилма, сайёҳлик маҳсулотлари нархи, хавфсизлик даражаси, халқаро шаффофлик жиҳатидан) энг жозибадор 140 та сайёҳлик маскани қайд этилган бўлиб, ушбу рўйхатда Қозоғистон 85-ўрин, Қирғизистон 116-ўрин, Тожикистон 119-ўринни эгаллаган, Ўзбекистон эса Марказий Осиё давлатлари ўртасида энг охирги ўринда турибди ва бу рейтингга киритилмаган.

Яқинда расмий сайтлардан бирида 2017 йилнинг биринчи ярмида юртимизга 1 миллион 800 минг нафар сайёҳ ташриф буюргани, бу кўрсаткич 2016 йилга қараганда 17 фоизга ошгани ҳақидаги мақолага кўзим тушди. Назаримда, ушбу рақамларда бироз муболаға бордек. Чунки ўзим айнан сайёҳлик соҳасида ишлаётганим боис, шундай фикрдаман. Бунинг сабабларини мақолам давомида кўрсатиб ўтишга ҳаракат қиламан.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Сайёҳлар оқимини янада ошириш, уларни оҳанрабодек жалб қилиш учун нима қилишимиз керак?

Ўзбекистон катта тарихий-маданий меросга – 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидаларга эга. Уларнинг кўпчилиги Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва Тошкент шаҳарларида жойлашган. Юртимиздаги 200 дан зиёд тарихий ёдгорлик ва обидалар ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган.

Наҳотки шунча тарихий ва бой маданий меросларимиз бўла туриб, уларни дунёга танита олмасак? Бунинг учун бизда арзигулик ва мақтагулик бой тарихий меросимиз етарли. Биргина Франциянинг Париж шаҳрига йилига 15 миллион сайёҳ ташриф буюрар экан. Биз эса ҳар йили сайёҳлар сонини санашдан, ўтган йилдагидан бироз кўпайган бўлса, уни баралла овоза қилишдан нарига ўтмаяпмиз. Наҳотки йирик бир сайёҳлик салоҳиятига эга давлат бўла туриб, битта шаҳарчалик натижага эриша олмасак?

Рақамларда мамлакатимизга 1 миллион 800 минг нафар сайёҳ ташриф буюргани қайд этилган. Агар мамлакатимизда асосий сайёҳлик мавсуми март ойининг ўрталарида бошланса ва дастлабки мавсум якуни июнь ойи сўнгига қадар бўлса, шу давр мобайнида шунча сайёҳ келиб кетишини тасаввур қилиш қийин.

Қолаверса, бизда меҳмонхоналар етарли эмас, бори ҳам Европа мамлакатларининг меҳмонхоналари нархи билан деярли тенг ва ҳар йили нарх сезиларли даражада ўсиб бормоқда. Бу борада яна Парижга «мурожаат» қиладиган бўлсак, у ерда шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудлардаги меҳмонхоналар сони 4.260 тани ташкил этар экан. Бизда эса бу кўрсаткич республика миқёсида 4 ярим баробарга паст, яъни, юртимиз бўйича атиги 750 та меҳмонхона мавжуд.

Маълумотларга кўра, айни пайтда туризмнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2 фоизни ташкил этади. Бу жудаям паст кўрсаткич. Туризм фаолиятини амалга оширган фирма ва ташкилотларнинг сони эса 433 тадан иборат.

Туризм давлат раҳбари эътиборида

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга Мурожаатида барча соҳалар қаторида туризм саноати борасида қуйидаги фикрларни билдирди:

«Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризмдир. Ўзбекистон туризм соҳасида дунё бўйича улкан салоҳиятга эга бўлган давлат ҳисобланади. Юртимизда 7300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд ва уларнинг қарийб 200 таси ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, гўзал дам олиш масканлари имкониятларидан фойдаланиб, янги туристик йўналишлар очиш мумкин. Бу соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, биз зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада давлат-хусусий шериклик муносабатларини қўллаш соҳани тараққий эттиришда кенг имкониятлар очишини ҳисобга олишимиз лозим.

Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар ва ёдгорликларни зиёрат қилиш дастурини ривожлантириш ва жадаллаштириш зарур. Ички туризм соҳасидаги катта имкониятларни ҳам тўлиқ ишга солиш лозим».

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони соҳада учраётган хато ва камчиликларни бартараф этиб, уни изчил ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президентимиз мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида туризм ҳақида сўз юритар экан, бундай сердаромад соҳа ривожи эътибордан четда қолиб келаётгани, унинг Ўзбекистон иқтисодиёти тараққиётига қўшадиган ҳиссасини ошириш, тарихий ва маданий қадриятларимизни тарғиб қилиш, шунингдек, валюта захираларини тўлдириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Турист — инвестиция дегани

Президентимиз дунёнинг 33 та мамлакатида Ўзбекистон элчихоналари фаолият кўрсатаётган элчиларга қарата қилган онлайн мурожаатида Ўзбекистонга хорижий ивестиция ҳамда туристларни жалб қилишни, айниқса, ҳар бир элчига ҳар куни 10 нафар сайёҳ жўнатишга эътибор беришни таъкидлади. Яъни, турист ҳам инвестиция дегани, деган ғояни илгари сурди.

Давлат раҳбарининг юртимизда барча соҳалар қаторида туризмга ҳам катта эътибор қаратиши бу соҳада кўзга ташланиб келинаётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чораларини жадаллик билан амалга оширилишида дастуруламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Ўзбекистон йирик туризм салоҳиятига эга мамлакатлар қаторида ўз ўрни ва аҳамиятига эга экан, демак биз мавжуд имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз керак.

Ҳозиргача хорижий мамлакатларда Ўзбекистон ҳақида кўпроқ маълумотларни тарғибот қилишда оқсоқликка йўл қўйилмоқда. Хусусан, бугунги кунда юртимизга ташриф буюраётган аксарият сайёҳлар туризм фирмалари томонидан жалб этилмоқда. Европанинг деярли барча мамлакатларида Ўзбекистон ҳақида аҳолида етарлича маълумот йўқ. Улар айнан турфирмалар орқали эшитиб, қизиқиш билдириб келишмоқда.

Шу соҳада хизмат қилаётганим боис, кўплаб хорижий сайёҳлар билан суҳбатда бўламан. Қолаверса, Европа мамлакатларида ижодий учрашувларда иштирок этиб келаман. Айнан шундай учрашувларда кўплаб шу каби кўплаб фикрлар билдирилади.

Европаликларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлари

2014 йилдан бошлаб ўз ҳисобимдан Германия ва Швейцария давлатларида маданий-маърифий, адабий-бадиий тадбирлар уюштириб келяпман. 2017 йилнинг баҳор ва куз ойларида ҳам ана шу фаолиятимни давом эттириб, «Ўзбекистон – Буюк ипак йўлининг марвариди» лойиҳаси доирасида Германиянинг 27 та шаҳрида тадбир ўтказдим. Унда 1000 нафардан ортиқ олмониялик иштирок этишди. Учрашувларда Ўзбекистон, унинг шонли ўтмиши, қадриятлари, урф-одат ва анаъаналари, меъморий обидаларга бой шаҳарлари ҳақида сўзлаб бердим. Тадбир сўнггида очиқ мулоқотлар бўлиб ўтади. Ана шундай мулоқотлар давомида айрим германияликлар юртимиз ҳақида умуман бошқача тасаввурда бўлганликлари ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Улар Европа мамлакатларининг оммавий ахборот воситалари, хусусан, радио, телевидение, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрларида Ўзбекистон ҳақида маълумот деярли йўқлиги, бори ҳам салбий руҳда ёзилганини билдиришди ва бу албатта, жуда ачинарли ҳол.

Европаликларнинг аксарияти Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош мамлакат бўлгани боис саёҳат қилиш учун жуда хавфли ҳудуд, деб ҳисоблашади. Энг фожиали томони шундаки, аҳолининг айрим қатламлари Ўзбекистонни ҳали ҳам Россияга тобеъ мустамлака мамлакат, деб билишар экан.

Қарийб бир ярим ой давомида бўлиб ўтган тадбирлар давомида Германиянинг ўндан ортиқ нуфузли телевидение ва радиоларида кўрсатув ва эшиттиришлар, шунингдек, 30 дан ортиқ босма нашрларда Ўзбекистон ҳақида ижобий фикрлар билдирган мақолалар чоп этилди.

Дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк саркарда ва давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур барпо этган қудратли Мавороуннаҳр салтанатининг довруғи ўрта асрларда бутун дунёга машҳур бўлган. Шундай экан, ўша салтанатнинг бугунги замонавийлик касб этган кўрки ва тароватини янада кенгроқ тарғиб қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, хорижлик сайёҳларни янада кенгроқ жалб этиш бугунги куннинг энг долзарб масаласи ҳисобланади.

Уларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини қуйидаги ҳаволалардан ўқиб олишингиз мумкин: The Paper (China), Lonely Planet, Suitcase Magazine (Print Version kommt bald raus), Go Girl Guides (Blog),  London Evening StandardThe Travel Magazine, Huffington Post,

A piece of Viola.

Туризмни ривожлантиришга доир талаб ва таклифлар

Юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар негизида Ватан, халқ манфаати турибди. Барча соҳаларда ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бундай ижобий ўзгаришлар, ривожланишни янги босқичга кўтариш учун, ҳаммамиз ўз вазифамизни чин юракдан адо этишимиз, фидойи бўлишимиз лозим. Туризм соҳасини ривожлантириш ва сайёҳлар сонини ошириш борасида соҳа мутахассиси сифатида таклифларим қуйидагича:

- Туризм соҳасида фаолият юритмоқчи бўлган тадбиркорларга имтиёзли кредитларни бериш ҳамда ер олди-берди ишлари енгиллаштирилиб, жаҳон андозаларига жавоб берадиган меҳмонхоналар сонини кўпайтириш, шу орқали рақобатни кучайтириш, меҳмонхона нархларини арзонлаштириш. Чунки турпакетлар нархи ошган сайин, юртимизга келадиган сайёҳлар сони ҳам пасайиб боради. Бунинг натижасида улар анча арзон нархларга эга бўлган бошқа мамлакатларга боришни афзал кўришади.

- «Ўзбекистон ҳаво йўллари» билан келишган ҳолда, авиабилетларни онлайн харид қилишни йўлга қўйиб, шаффоф онлайн хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш таклифи ҳам жуда долзарб масала. Ривожланган мамлакатларда авиакасса тушунчаси кундалик ҳаётда ҳеч қачон ишлатилмайдиган сўз. Туризм тараққий этган бирор бир давлатда ҳеч ким авиакассага бориб авиачипта харид қилмайди. Бирор мамлакатга боргиси келган одам уйини тарк этмаган ҳолда ҳамма ишларини компьютердан туриб бажаради. Кўпгина европаликлар мендан: «Нега сизларда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» расмий веб-саҳифасидан онлайн чипта сотиб олишнинг имкони йўқ?», деб сўрашади. Агарда рейс амалга ошмай қолса, авиакомпания веб-саҳифасида бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмайди. Менимча, агарда бу йўналишда ҳам ислоҳотлар олиб борилса, юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг сони кескин ошади.

- «Ўзбекистон темир йўллари»да ҳам билетларни онлайн сотиб олиш тизимини яна ҳам мукаммаллаштирилса, нур устига аъло нур бўларди. Қолаверса, «Афросиёб» тезюрар поездига йирик сайёҳлик гуруҳларига билетларни сотиб олиш анча мушкул иш. 40 кун қолганда тизимда билетларни сотиб олиш имкони бўлади. Лекин кассага борсанг, билетлар сони аллақачон чекланган.

- Яқинда Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номли халқаро аэпортга Франкфуртдан учиб келдим. Аҳвол илгарига нисбатан анча яхшиланган. Навбатда кўп турмайсиз, чет эл фуқароларига алоҳида хизмат кўрсатувчи дарча мавжуд, умуман олганда, муҳит анча ижобий ҳолатда. Лекин жомадонингни нақ бир соат кутасан. Худо кўрсатмасин, Франкфурт рейси билан бир вақтда Россия ва Туркия рейслари ҳам қўнса, урди худо... Сайёҳларнинг аксарияти «олижаноб», нақ иккита рейс чиқиб бўлгач, кейин чиқишади. Шунинг учун сайёҳлар учун самолётдан тушган заҳоти алоҳида яшил йўлаклар яратилса ва улар қанақа рейс бир вақтда келишидан қатъи назар, тезроқ аэропортни тарк этишга имкони бўлса, ушбу соҳани ривожлантиришда анча ижобий натижага эришган бўлар эдик.

- Мен шу Ватанни севиб ардоқловчи барча фидойи юртдошларим сингари Ўзбекистонни ривожланиши тарафдориман ва бунда, албатта, юртимиз тинчлиги ҳамма нарсадан устун, деб биламан. Бу борада мамлакатимизда барча чора-тадбирлар кўрилган. Лекин шундай бўлишига қарамасдан, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга бир давлатдан бизнинг юртимизга чегара орқали ўтаётганда улар учун ҳам алоҳида тизим яратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Яъни, уларни чўчитмасдан текширувдан ўтказиб, озроққина хушмуомалалик билан чегарадан ўтказиш.

- Ўзбекистонни туристик давлат сифатида юртимизда фаолият кўрсатаётган соҳа мутахассислари билан ҳамжиҳатликда Ўзбекистон тўғрисида битта ихчам «сайёҳлар учун қўлланма» тайёрланиб, уни барча тилларга таржима қилиб, арзон нархда ёки агарда имкони бўлса, бепул чет сайёҳлик фирмаларига тарқатиш. (Ҳар гал Европада бўлсам, албатта китоб дўконларида соатлаб вақт ўтказаман, афсуски Ўзбекистон тўғрисида бирорта сифатли фотоальбом йўқ. Бутун дунё мамлакатлари (муболағасиз) тўғрисида китоблар мавжуд. Албатта Ўзбекистон тўғрисида сайёҳлар учун қўлланмалар 3–4 та бор, лекин уни ўзбеклар эмас, юртимизга келиб кетган сайёҳлар ёки четдан келган соҳа вакиллари ўзи билганича ёзишган).

- Ўзбекистон ҳақида қизиқарли маълумотлар билан фотоальбомни туризм соҳаси мутахассислари билан ҳамкорликда (уларнинг ғоялари билан) нашрга тайёрлаб, турли тилларда юқори сифатда чоп этиш. Унинг нархи қиммат бўлмаслиги зарур ва Ўзбекистонда барча китоб дўконлари ҳамда сайёҳлар ташриф буюрувчи дўконларда сотишни йўлга қўйиш. Бу лойиҳа устида ижодий гуруҳим билан ҳозирда ишламоқдаман.

- Юртимиз, урф-одат ва анъаналаримиз, миллий қадрият ва бой тарихий меросимиз ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар конкурси эълон қилинса ва энг сараларини рағбатлантириб, улар яратган фильмларни инглиз, немис ва бошқа тилларга дубляж қилдириб, халқаро конкурсларда қатнашсак, сайёҳлар сони ошиши тайин.

- Йилнинг энг гўзал ва тартибли хонадони, кўчаси, маҳалласи, қишлоғи, тумани, шаҳри, вилояти кўрик танловлари эълон қилинса ва ҳар йили уларни рағбатлантириш йўлга қўйилса, бизнинг танти ва тиришқоқ юртдошларимиз ўз яшаб турган жойини яқин йилларда «жаннат»га айлантириб юбориши аниқ. Ривожланган Европа давлатларида бу жуда яхши йўлга қўйилган. Хусусан, Германияда ҳар йилги танловда кўп жойлар маҳаллий аҳоли ташаббуси билан ободонлаштирилади. Шунинг учун Германиянинг қайси қишлоғи ёки шаҳрига борсанг, кўзинг қувонадиган даражада ҳамма жойни безаб қўйибди. Бу эса, ўз навбатида, сайёҳларни ўзига жалб этиши тайин.

Ойбек Остонов

Top