09:18 / 12.01.2018
7732

“Боруссия Дортмунд”нинг 9 футболчиси кабобдан заҳарланди

Фото: SparkRecipes

Германия чемпионатининг етакчи жамоаларидан бири, Дортмунднинг “Боруссия” клубининг 9 ўйинчиси Испанияда машғулот йиғини вақтида кабобдан заҳарланди. Улар товуқ гўштидан тайёрланган кабоб тановул қилишган. Шифокорлар уларга ошқозон гриппи ташхисини қўйишган.

Оқибатда дарвозабанлар Роман Бюрки ва Роман Вайденфеллер ҳамда майдонда тўп сурувчи ўйинчилар Марк Бартра, Андре Шюррле, Кристиан Пулишич, Омер Топрак, Якоб Бруун Ларсен, Нури Шахин ва Доминик Райман ётиб даволанишларига тўғри келмоқда, деб хабар бермоқда Bild нашри.

Нашр маълумотларига кўра, бетоб футболчиларнинг барчаси 14 январда Бундеслиганинг 18-турида “Вольфсбург”га қарши ўйинда иштирок эта олишади. Биринчи давра якунларига кўра дортмундликлар “Бавария”дан 13 очко ва “Шальке-04”дан 2 очко ортда қолган ҳолда 3-ўринни эгаллашмоқда. Клуб қўшимча кўрсаткичлар бўйичагина “Байер”, “Лейпциг” ва Мёнхенгладбахнинг “Боруссия”сидан олдинда бормоқда.

Top