13:22 / 13.01.2018
37187

“OLX”даги эълон жиноят фош этилишига ёрдам берди

Фото: iStock

Янгийўл “Иқтисодиёт” коллежининг талабаси ўзи ўғирлаган буюмларни “OLX” сайтида сотмоқчи бўлди. Унинг айни шундай эҳтиётсизлиги жиноятнинг очилишига асос бўлди, деб хабар қилмоқда Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати. 

2018 йил 4 январь куни Янгийўл шаҳар ИИБга фуқаро У.А. мурожаат қилиб, номаълум шахс уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, нархи тахминан 3 млн сўм бўлган 1 дона “НР” русумли ноутбуки, нархи 600 АҚШ доллари бўлган 1 дона “Саnon” русумли фотоаппарати ва нархи 60 АҚШ доллари бўлган 1 дона компьютер қўшимча хотира манбаини ўғирлаганини маълум қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан ЎзР ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи У.А. ва дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказаётган терговчи Э.Байрбековнинг эътибори “OLX” сайтида Янгийўл шаҳрида яшовчи шахс томонидан ишлатилган ноутбук сотилиши маълум қилинган эълонга қаратилди. 

Шундан сўнг, терговчи ташаббусни қўлга олиб, харидор сифатида сайтда берилган телефон рақамига қўнғироқ қилиб, ноутбукни сотиб олишни маълум қилган, сотувчи ноутбук билан келган вақтда терговчи томонидан сўроққа таклиф этилган. Сотувчи турли хил баҳоналар билан ноутбукни айнан қаердан ва кимдан олганлиги хақида аниқ маълумот бермагани терговчида унга нисбатан шубҳа уйғотган. ИИБ ходими ноутбукни таниб олиш учун кўрсатиш мақсадида ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олган. 

Ушбу ноутбук жабрланувчига таниб олиш учун кўрсатилганда, жабрланувчи томонидан ноутбук таниб олинган ва шундан сўнг “сотувчи”, Янгийўл шаҳрида яшовчи, “Иқтисодиёт” касб-хунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Э.Р. айбига иқрор бўлиб, ўғирлик йўли билан қўлга киритган бошқа буюмларни ҳам терговга тақдим этган. 

Top