23:10 / 19.01.2018
71019

Ақтўбедан учган махсус самолёт Тошкентга қўнди

Қозоғистоннинг Ақтўбе областида автобус ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг жасадини олиб учган махсус самолёт бугун, соат 22:30да Тошкентга қўнди. «Kun.uz» манбасининг тасдиқлашича, ДНК-экспертиза ишлари Тошкентда давом эттирилади.

18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида, «Чимкент — Самара» йўлининг 1068-километрида Қозоғистон жанубидан Россиянинг Қозон шаҳрига кетаётган йўловчи автобуси ҳаракат давомида ёниб кетди. Ёнғин бошланган вақтда автобусда 57 киши бўлган. Уларнинг 54 нафари Ўзбекистон фуқароси эди. Фожиадан фақат 5 киши омон қолди, шундан 2 киши ўзбекистонлик.

Ушбу ҳодиса муносабати билан 18 январь куни Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳукумат комиссиялари тузилди. Бош вазир Абдулла Арипов раҳбар этиб белгиланган Ўзбекистондаги махсус комиссияга авария натижасида жабрланган ва ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларини Ватанга етказиш билан боғлиқ ташкилий ишларни ҳал этиш вазифаси топширилганди.

Дастлабки текширувлардан кейин марҳумларнинг 32 нафарининг шахси аниқлаштирилди. Энди қолган жасадларнинг шахси Тошкентда ДНК-экспертиза орқали аниқлаштирилади.

Мавзу
Ақтўбеда фожиа

Қозоғистонда йўловчи автобуси ёниб кетиши оқибатида камида 52 киши ҳалок бўлди. Улар Ўзбекистон фуқаролари эди

Барчаси
Top