15:16 / 24.01.2018
26900

Қандай қилиб кичик мамлакат рақамли давлатга айланишга муваффақ бўлди?

Эстония томонларда, Болтиқ денгизи қирғоғидаги кичик қишлоқда бир ғаройиб киши яшайди. Уни Таави Котка деб чақиришади, у e-Estonia номи остидаги лойиҳа (давлатни рақамли жамиятга айлантиришга йўналтирилган ҳукумат ташаббуси)нинг энг асосий мафкурачиларидан биридир.

Фото: AllThePeople

Котка тўрт йил давомида мамлакат ҳукуматининг ахборот бўлимига раҳбарлик қилди. Бу вақт ичида у фуқароларнинг ҳаётини ўзгартиришга муваффақ бўлди. Ишлаб чиқарувчилар одатда давлат шуғулланадиган ишларнинг барини - қонунчилик фаолиятидан то солиқларгача - миллатни бирлаштириб, ягона платформага ўтказишлари мумкин эди. Энди ҳар бир фуқаро уйидан чиқмаган ҳолатда овоз бериши ёки автомобилини нотўғри жойлаштиргани учун жарима тўлаши мумкин бўлади.

Фото: E-Estonia

"Биз бутун жамият ишонадиган, унда ўз аксини топадиган вазифа қўйишни мақсад қилганмиз", - дейди Котка. The New Yorker журналисти Нейтан Хеллернинг сўзларига кўра, E-Estonia — давлат бошқарувини ўзгартирувчи технологик лойиҳа.

У қандай ишлайди?

Ушбу тизим фойдаланувчилари ўзлари ҳақида бир марта маълумот киритишса, бас. Шу боис шифокор ҳузурида ёки банкда қоғоз тўлдириш каби ортиқча қоғозбозлик ҳақида унутиш мумкин. Керакли мутахассис чипли индивидуал ID-картага бириктирилган ва ягона платформага тўпланган зарур маълумотни оча олади.

Хеллер ўз саёҳати давомида e-Estonia элчиси Анна Пиперал билан учрашди. У журналистга тизим қандай ишлашини кўрсатиб берди. Пиперал USB-порт орқали ID-картани махсус қурилмага қўйди, сўнг унга тегишли пароллардан бирини киритди (бошқаси рақамли имзо учун қўлланилади).

Тизим интерфейси анча содда бўлиб чиқди. Маълумот блокларга бўлинган: шахсий маълумотлар, кўчмас мулк, иш ва бошқалар. Пиперал магистратурада ўқийди, ҳатто шу ҳам тизимда кўрсатилган. Шунинг учун, дейлик, у транспортга чипта олаётганида тизим унинг талаба эканини автоматик равишда тасдиқлайди.

Бундан ташқари, қайси маълумотлар шифокорларга кўриниши мумкинлигини ўзингиз танлайсиз: масалан, стоматологга ортопед кўриги натижалари керак эмас.

Бизнес ва ер мулки ҳақидаги маълумотлар оммавий ҳисобланади, шунинг учун Пиперал бир эстон сиёсатчиси тўғрисидаги маълумотни журналистга кўрсатиш учун тизимдан фойдаланади.

Ҳаммаси гўё кафтдек намоён, ҳатто унинг денгиз бўйидаги ҳовлисининг сунъий йўлдошдан олинган суратлари ҳам бор. Бундай ишланмалар коррупция муаммоси биринчи ўринга чиқаётган мамлакатлар ҳукуматлари томонидан қўлланилаётгани ажабланарли эмас.

Фойдаланувчилар маълумотлари бир жойда сақланмайди (уларга бузиб кирилишининг олдини олиш мақсадида). Бунинг ўрнига  X-Road ҳукумат платформаси алоҳида серверларни махсус шифрлаш ёрдамида бирлаштиради.

Яъни шифокор маълумотларни ўз серверида, банк ва мактаб эса ўз серверида сақлайди. Зарурат туғилганда керакли хабар шунчаки алоҳида тармоқлардан узатилади.

X-Road ҳукуматга тегишли бўлса-да, аксарият хусусий компаниялар ўз маҳсулотлари ишланмасини унинг асосида олиб бормоқда. Секин-аста бошқа мамлакатлар билан интеграция кузатилмоқда — яқинда платформага Финляндия қўшилди. Энди, масалан, рецептли дориларни истаган ердан олиш мумкин.

Афсуски, барчаси ҳам онлайнда ўтаётгани йўқ. Оила қурмоқчи бўлганлар аввалгидек давлат муассасасига келиб, ўз хоҳишини билдириши керак. Шу билан бирга, кўчмас  мулкни ҳам интернет орқали харид қилиб бўлмайди.

Эстония аҳолиси ва ҳудуди катта эмас, армияси ҳам нисбатан кичик. Давлат хизматларининг рақамли муҳитга ўтиши 2 фоизгача ЯИМни тежаш имконини беради - республика НАТОдаги иштироки учун худди шунча пул тўлайди. Шундай экан, фуқаролар мудофаа харажатлари учун тўлашларига ҳожат қолмайди.

Ва бу охирги афзаллик эмас. Рақамли ечимлардан фойдаланганда чегаралар йўқолади, зеро бирор хизмат муайян бир жойга боғланмаган бўлади. Шунинг учун ҳукумат 2014 йилда рақамли резидентлик дастурини йўлга қўйди, у хорижликларга, масалан, республика банк тизимидан фойдаланиш имконини беради.

Шу билан бирга, Эстониянинг даромад солиғи Евроиттифоқда энг паст ҳисобланади, технологик тадқиқотлар соҳасидаги бошқарув эса анча юмшоқ (ҳатто мамлакатнинг барча йўлларида ҳайдовчисиз автомобилларни синовдан ўтказишга рухсат бериш режалаштирилмоқда).

Фото: Getty Images

"Ҳар қандай ҳолатда дунё бир жойда турмайди. Бироқ биз ёпиқ бўлсак, инновациялар бизни четлаб ўтади". 
Вильяр Луби

Эстония Иқтисодиёт вазирлигининг вице-канцлери

Бундай чора-тадбирлар кўплаб халқаро стартапларни жалб қилади. Бироқ Эстонияни офшор макони деб бўлмайди, дея ўз фикри билан бўлишади Adcash стартапи ҳаммуассиси Томас Падовани. Шунга қарамай, мамлакатда мўмайгина пул ишлаб олиш мумкин, маъмурият бунга тўсқинлик қилмайди - фақат йўналтириши мумкин.

Бироқ барча ютуқларига қарамай, Эстония фақат йўлнинг ярмини босиб ўтган.

 

Чегарасиз имкониятлар

2013 йилда, лавозимига тайинланиши биланоқ Таави Коткага кутилмаган иш — Эстония аҳолисини кўпайтириш масаласини ҳал қилиш топширилган. Асосий мотив иқтисодий бўлган, ахир Котканинг сўзларига кўра, мамлакат катта корхонага ўхшайди ва ҳукумат ўз халқини янада бой қилишга ҳаракат қилади. У "аҳоли" тушунчасига муносабатни ўзгартириб, муваффақиятга эришишига ишонган.

Котка ўз ёндашувини мусиқа саноатидаги ўзгаришларга ўхшатади: 20 йил аввал ҳамма диск сотиб олиб, альбомни тўлиқ эшитар эдик, энди эса аксарият фақат ўзига ёққан қўшиқни танлайди.

Қатор мамлакатлар ҳам худди шу ишни қилмоқда. Улар зарур кишиларни нафақат жисмоний, балки виртуал жиҳатдан давлат билан боғлашга ҳаракат қилишмоқда, дея фикрлайди Котка. Бу масалада Эстония устуворликка эга — унинг тайёр рақамли инфратузилмаси бор.

Бироқ одамларни айнан қандай жалб қилиш мумкин? Ечим мамлакатга кирмасдан Эстония резиденти бўлиш имконини берувчи e-Residency номли дастурда мужассам — ҳеч қандай божхона йўқ, дунёнинг исталган нуқтасида рўйхатдан ўтиш мумкин.

Фото: e-Residency

Хеллер барчасига 10 дақиқа ва 100 евро сарфлади. Ҳужжатлар тасдиқлангандан кейин гувоҳномани ўзингизга қулай бўлган исталган эстон консуллигида олишингиз мумкин.

Бу ерда жисмоний ресурслар энг катта муаммога айланди — элчихоналар ишчилари шунчаки қўшимча иш олишни хоҳлашмаган. Бундан ташқари, ваколатхоналарнинг ўзи тенг тақсимланмаган.

Бугунга келиб дастурда 28 минг киши иштирок этмоқда. Уларнинг аксарияти — Россия ва Финляндиядан, кейинги ўринларда Украина ва Британия.

"Кўп компаниялар учун халқаро фаолият жуда мураккаб ва у катта харажатларни талаб қилади". 
Сиим Сиккут

e-Estonia лойиҳасида Таави Котканинг ўрнини эгаллаган мафкурачи

Туғилиш кўрсаткичларини ошириш жуда қийин, бугун e-Residency дастури бўйича ҳафталик буюртмалар сони янги туғилганлар сонидан ошади.

 

Тармоқдаги бундай фаоллик Таллиннинг қиёфасида ҳам ўз аксини топмоқда. Шунга қарамай, ишлаш учун замонавий майдонлар пайдо бўлишда давом этмоқда ва Хеллер уларнинг бирида бўлишга муваффақ бўлди. Lift99 майдонининг очиқ режаси ижодий эркинлик руҳини қўллаб-қувватлайди.

Иншоотларнинг бир қисми машҳур шахслар шарафига номланган хоналарга ажратилган: Skype асосчиси Никлас Зеннстрём ёки венчур инвестор Бен Горовицнинг хоналари бор. Қўнғироқлар учун хоналар бор — масалан, Барак Обама хонаси.

Lift99'да жами 32 компания ишлайди, уларнинг орасида Insly ва Leapin кабилар бор. Улар e-Residency доирасида ишбилармонларга бизнесни юритишга ёрдам беришади.

Хеллернинг таъкидлашича, АҚШда илғор ишланмаларнинг асосий манбаи хусусий компаниялар ҳисобланади. Бироқ Эстонияда барчаси ўзгача. Кўплар ҳукуматга ишлаш учун ўз бизнесини сотади, кимдир юртида кўп қизиқ ислоҳотлар бўлаётганини англаб, чет элдан қайтади.

Республика раҳбариятининг ташаббуси фақат бизнеснигина ўзгартиргани йўқ. Тизим шифокорларга янада самарали ишлашга ёрдам беради. Тез ёрдам шифокорлари X-Road'га интеграция қилинган e-Ambulance иловаси ёрдамида беморнинг электрон картасига кириш ва касалликнинг сабабини аниқлай олиш имконига эга бўлишади.

Кейин, агар операция керак бўлса, шифокорлар қайтишда ҳужжатларни тўлдиришлари мумкин ва жарроҳлар бемор келишига тайёр бўлишади. Узоқ ороллардаги аҳоли саломатлиги ҳам онлайнда кузатилади, шифокорларга эса бундай ҳудудларда кўп ҳолатларда кўнгиллилар ёрдам беришади.

Шифохоналарда тизим бевосита иш жараёнини йўлга қўйишга ёрдам беради. Шифокорлар операциялар графигини тузишда ундан фойдаланишади, бунда нафақат уларнинг санаси, балки зарур ускуналар ва персонал ҳам кўрсатилади. Дорилар ҳисоб-китоби ҳам худди шундай йўлга қўйилган. Шунинг учун агар сиз қабул қилаётган препаратлар ўзаро номутаносиб бўлса, тизим шифокорни огоҳлантиради, шифокор эса - сизни.

Шу билан бирга, журналист умуммиллий платформа устида биринчилар қаторида ишлашни бошлаган Тарви Мартенс билан учрашди. Мартенс аввалбошданоқ ID-карталар унча қиммат бўлмаслиги ва мажбурий бўлиши кераклигига ишонган.

Финляндияни олайлик, дейди у, у ерда ҳам шунга ўхшаш ташаббус ривожланмоқда, бироқ карталар қиммат туради ва ҳар бир инсон ундан фойдаланиш ёки фойдаланмасликни ўзи ҳал қилади.

Эстонияда бундай муаммолар йўқ, давом этади Мартенс, бироқ амалий қўлланмаларсиз технологиянинг фойдаси йўқ. Шу сабабли ҳукумат турли иловалар ишлаб чиқаришни бошлади, улардан бири учун масъулият Тарвининг зиммасида.

У электрон овоз бериш тизими устида ишламоқда - тизим нафақат овоз бериш, балки жараён тугагунча ўз қарорини ўзгартириш имконини ҳам беради. Натижа аён: 2014 йилда барча овозларнинг учдан бири онлайн тарзда берилган.

Рақамли жамият

Бугун Эстонияни Европа Иттифоқи Кенгаши бошқариб келмоқда, бу эса ЕИ рақамли саммити республика пойтахтида ўтказилганидан далолат беради.

"Мен рақамли жамият президентиман. Оддий одамлар мислсиз бюрократиядан азият чекмоқда. Биз бир-биримиз билан рақобатлашишимиз эмас, бирлашишимиз, қийинлаштириш эмас, ишончли алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилишимиз керак".

Керсти Кальюлайд

Эстония раҳбари, республика тарихидаги биринчи аёл-президент

Кальюлайд ўз нутқида Германиянинг жамиятни ахборотлаштириш жиҳатидан Эстониядан анча орқада қолаётганини тан олган Ангела Меркелни қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликдаги ишлар меҳнат бозоридаги глобал ўзгаришларга олиб келади.

Албатта, ҳамма етакчилар ҳам бундай ўйламайди. Тереза Мэй Brexit'дан кейин ўз нуқтаи назарини баён қилган: "Агар сиз дунё фуқароси эканлигингизга ишонсангиз, демак, сиз ҳеч бир юрт фуқароси эмассиз".

Бугун, афтидан, кўп мамлакатлар инқироз даврини бошдан ўтказмоқда. Собиқ империялар миллийлик ва сепаратизмга ботиб кетган. Диний мафкуранинг ўсиши билан давлатчиликнинг янги шакллари юзага келди. Шундай экан, келгусида фуқаролик сиз яшаётган жой билан эмас, қайси тизимда рўйхатдан ўтганингизга боғлиқ бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Top