09:22 / 01.05.2024
1811

Эстония чақирув ёшидаги украиналикларни депортация қилмайди

Муддати ўтган паспортга эга Украина фуқаролари Эстонияда қонуний яшашда давом этиши мумкин бўлади, деб хабар қилди мамлакат Ички ишлар вазирлиги.

Фото: Ken Mürk/ERR

Эстония ҳукумати чақирув ёшидаги Украина фуқароларини ватанига мажбуран депортация қилмоқчи эмас. Бу ҳақда 30 апрел, сешанба куни Ички ишлар вазирлигининг Фуқаролик ва миграция сиёсати бошқармаси маслаҳатчиси Аннели Викс маълум қилди.

«Сафарбарлик - давлат ва унинг фуқаролари билан боғлиқ масала. Ички ишлар вазирлигида уруш туфайли қочиб, Эстонияда қонуний истиқомат қилувчи Украина фуқароларини, шу жумладан, сафарбарлик бўйича эҳтимолий мақсадли гуруҳга мансуб Украина фуқароларини мажбурий ватанига қайтариш режаси йўқ», - дея Виксдан иқтибос келтиради ERR Эстония миллий телерадиокомпанияси.

Викс маълумотларига кўра, агар бу фуқаролар чет эл паспортларини янгилай олмаса ва Европа Иттифоқи ҳудудида эркин сафар қилиш имкониятидан маҳрум бўлса ҳам, уларнинг Эстонияда бўлиши қонунийлигича қолади. 

Чақирув ёшидаги украиналиклар учун консуллик хизматларини чеклаш 

23 апрелдан бошлаб Украина Ташқи ишлар вазирлиги 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркак фуқаролари учун хорижий консулликларда ҳужжатларни расмийлаштиришни тўхтатди. Шунингдек, чақирув ёшидаги украиналикларга чет эл паспортлари берилмаслиги маълум қилинди. Бу сафарбарлик тўғрисидаги янги қонун ва Киевнинг армия сонини ошириш истаги билан боғлиқ. 

ERR маълумотларига кўра, 26 апрел ҳолатига 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган 6500 нафар украиналик эркак вақтинчалик ҳимоя асосида Эстонияда яшаш учун рухсатномага эга бўлган. Умуман олганда, 31 мингга яқин украиналик қочқин Эстонияда вақтинчалик ҳимояга эга. 

Top