01:22 / 06.02.2018
13688

Ижтимоий тармоқда уч мамлакатни ҳақорат қилган кувайтлик 31 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: navkolo.me

Кувайт фуқароси Абдуллоҳ Ас-Салоҳ ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистони, Баҳрайн ва БАА мамлакатларини хақорат қилгани учун ўз мамлакати суди томонидан 31 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. "Ал-Қабас" нашри шу ҳақида хабар берди.

Гап шундаки, Ас-Салоҳ Twitter ҳамда YouTube орқали Саудия Арабистони, Баҳрайн ва БАА ҳукуматларининг Қатар билан муносабатларни узишга оид қарорларини қоралаган. У можаролар бошланишидан олдин ярим йил аввал Қатарда яшаган.

"Жиноий суд бугун Twitter фойдаланувчиси Абдуллоҳ Ас-Салоҳга нисбатан навбатдаги ҳукмни ўқиб, уни яна беш йилга озодликдан маҳрум қилишини маълум қилди, у Twitter'да БААни ҳақорат қилишда айбланмоқда... Шу хулосадан сўнг унинг умумий жазо ўташ муддати 31 йилга етди", - дейилади газетада.

Маълум қилинишича, суд айбланувчи иштирокисиз ҳукм чиқарган, зеро у Буюк Британияга қочиб кетган. Яқин Шарқнинг Gulf Digital News (GDN) интернет нашрида маълум қилинишича, Ас-Салоҳ Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган. Нашрга кўра, якшанба куни ўқилган ҳукмдан олдин маҳаллий суд унинг юқорида номлари қайд этилган давлатларга қарши айтилган гаплари учун қамоқ жазоларини белгилаган. Айбланувчи Twitter'да жазони ўташ нияти йўқлигини таъкидлаган.

Top