Шуҳрат Ғуломов умрбод қамалган, МХХ раисининг бошқа ўринбосарлари ишдан олинган
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19—20 январь кунлари Сурхондарё вилоятида бўлганди. Ташриф давомида 19 январь куни Қизириқ туманида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтганди.
Президентнинг ушбу йиғилишдаги нутқидан яна бир аудио «Kun.uz» таҳририятига етиб келди. Ушбу тўрт ярим дақиқали аудиода президентнинг Миллий хавфсизлик хизматининг юқори мартабали расмийларига қаратилган кескин танқидлари акс этган. Президент МХХнинг яна бир неча амалдорларини сотқинликда айблайди.
«Бугун Бойсун МХХ раҳбари майор Эшқувватов Суннатулло Равшановични ишдан олдирдим. Негаки, булар ўз ўрнини билмади, ўз ишини қилмади. Миллий хавфсизликдагилар Сурхондарёни ўлдирган. Икки-уч сотқин, давлат сотқинлари ишлаган.
Ҳаммасидан хабарим бор. Ангор туманидаги бошлиқ Абдумўъминов Баҳром, тергов бўлими бошлиғи капитан Бердимуҳаммедов ҳам ишдан олинди.
Булар Сурхондарёни от ўйин қилиб ташлаган. Ҳамма тизимни эгаллаган, ҳамма ташкилотни эгаллаган. Яна бир-иккитаси Тошкентда юрибди, бориб ишдан оламан.
Полковник Ҳайдаров ҳам сотқин. Униям, бошқалариниям ишдан олдим», деган президент.
Шундан сўнг президент йиғилишда иштирок этаётган МХХ раиси ўринбосари Равшан Собирович Юсуповга мурожаат қилган.
«Гапларимни етказдингми? Яна бир марта етказ, энди ҳамманг мажлисга келиб ўтирасан. Тумандаги мажлисгаям. Оёғинг ердан узилмасдан, мажлисда ўтирасан. Йўқса, менга бундай хизмат керакмас. Шу пайтгача порахўрлик қилиб, ҳаммаёқни шарманда қилиб келдинглар. Тушунарлими, йўқми?», дейди президент ва тасдиқ жавобини олади.
Шундан кейин президент МХХ раисининг 3 ўринбосарини ишдан олгани ҳақида маълум қилган.
«МХХнинг генералларини, учта раис ўринбосарларини ишдан олиб ташладим. Сурхондарёда ишлаб кетгани бор эди, Тошпўлатов (Шуҳрат Тошпўлатов - 2017 йилнинг июлидан МХХ раиси ўринбосари, Тошкент вилояти бўйича бошқарма бошлиғи -таҳр) ғирт ўғри эди», дейди президент.
«Мен бу ерга халққа ҳалол хизмат қилиш учун келганман. Бу ноинсофларни биламан, ерга қараб юрибди. Ҳали ҳаммаси жой-жойига тушади. Шуни билинглар.
Ҳоким, ҳокимиятдаги тўртлик менинг вакилим. Қўрқманглар. У замон тугади. Уларга отасидан қолган ваколат йўқ. Ҳеч киммас булар. Буларнинг қўлидан кабинетда ўтириб, ғўддайишдан бошқаси келмайди. Буларнинг ғўддайиши давлатга оғир тушди.
МХХда яна битта ғўддайгани бор эди. Ватан хиёнатчиси бўлиб, ҳозир умрбод қамалди. Ғуломов деган ноинсоф (Шуҳрат Ғуломов - МХХ раисининг собиқ ўринбосари, Сурхондарё вилояти бошқармасининг собиқ бошлиғи). Унинг илдизлари бор ҳалиям. Тошкентда ўргандим, бугун келиб одамларини ишдан олдим. Энди ҳар биттасини ўзим ишга тайинлайман.
Бизга Миллий хавфсизлик хизмати керак. Адолатли ва ҳалол одамлар керак, бизга ҳокимни пойлайдиган, бошқа давлат одамларини кузатадиганлар керак эмас. Бўлди, у замонлар тугади. Эплай олмаса, валломатини ҳам ишдан оламан.
Шуни билинглар. Давлат давлатлигини қилади. Аввалги раҳбарлар уларга шундай ваколатлар берган бўлса, унақа раҳбарлар энди йўқ. Халқ менга ишондими, бу ишончни оқлайман», деган президент.
Маълумот учун, Сурхондарёдаги мажлисдан кейин кўп вақт ўтмасдан, 31 январь куни 1995 йил ёзидан буён узлуксиз равишда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раиси лавозимида бўлиб келган генерал-полковник Рустам Иноятов лавозимни тарк этди.
«Уларга ваколат берган одам йўқ ҳозир». Президент МХХнинг собиқ мулозимини хоин деб атади
Унинг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Шуҳрат Ғуломов ўтган йил ёзида Сурхондарё вилояти бошқармаси раҳбарлигидан олинган ва терговга тортилганди. Кейинроқ, 2017 йилнинг августида Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий маҳкамаси Ғуломовни давлатга миллиардлаб зарар етказиш, қурол-яроғ контрабандаси ва пул ювишда айблаб, умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
Мавзуга оид
13:07 / 01.07.2020
Ўзбекистонда наркодиспансерларда ҳисобда турганлар сони очиқланди
20:00 / 14.03.2018
Махсус хизматда ребрендинг. МХХ Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилди, унинг ваколатлари белгилаб берилди
18:15 / 14.03.2018
Президент Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги ҳужжатга имзо чеккан. Ташкилот номи ўзгаради
19:30 / 04.03.2018