07:46 / 28.02.2018
5349

Vodafone Ойда мобил алоқа тармоғини яратишни режалаштирмоқда 

Фото:A FP 2018 / Robyn Beck

Дунёдаги энг йирик уяли алоқа операторларидан бири Vodafone 2019 йилда Ойда 4G мобил алоқа тармоғини яратишни режалаштирмоқда.

Компания баёнотида айтилишича, тегишли инфратузилма Ойга Берлинда жойлашган PTScientists компаниясининг миссияси давомида етказилади. Ушбу компания Falcon 9 ракетаси ёрдамида Ойга биринчи хусусий парвозни амалга оширмоқчи.

Тахмин қилинишича, ракета Ойга Nokia телефон мачтасини етказишда ёрдам беради. Vodafone тақдим қиладиган сигнал эса Ой сиртидан юқори аниқликдаги видеони узатиш имконини беради.

Бундан ташқари, уяли алоқа тармоғи Audi компаниясининг иккита луноходи ҳамда база ўртасидаги алоқани таъминлайди. Бу база ролини Ойга қўнган ALINA (Autonomous Landing and Navigation Module) кемаси ўйнайди.

Audi’нинг ўзиюрар қурилмалари вазифалари орасида Ойнинг одамларни жойлаштириш нуқтаи назаридан яроқлилигини ўрганиш бўлади.

Top