01:10 / 01.06.2018
6616

Сайёҳлар автобуси энди кечқурун ҳам ҳаракатланиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Туризм экскурсиясига оид тўсиқлар олиб ташланмоқда. 2003 йилдан бери амалда бўлиб келган турли тўсиқлар соҳа ривожини секинлаштириб қўйганди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 29 май куни қабул қилган қарорда шундай ўзгаришлар ҳақида сўз боради. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан киритилган ушбу ўзгартишлар сайёҳларни ташишга доир тўсиқларни бартараф этувчи қатор чора-тадбирларни назарда тутади.

Биринчидан, агар туристик автобуслар тегишли хавфсизлик талабларига жавоб берса, колонна ҳамроҳлигидан озод этилади. Хавфсизлик талабларига эса автобусда GPS тизими, қоронғуда кўзга ташланувчи махсус рангли чизиқ бўлиши, шунингдек, икки нафар ҳайдовчи ва уларнинг мобил телефони фаол бўлиши кабилар киритилди. 

Аввалроқ, икки ва ундан ортиқ автобусларнинг ҳар бирида 30 кишилик йўловчи сиғими билан бир вақтда ҳаракатланганда, йўл ҳаракатида  тизилиб ҳамроҳ бўлиб кетиши талаб этилганди. 

Иккинчидан, ички ишлар органларининг ҳудудий органлари томонидан сайёҳлар гуруҳини ташиб кетаётган транспорт воситасини ҳар сафар бир марталик техник кўрикдан ўтказиш амалиёти ҳам бекор қилинади. 

Учинчидан, норматив ҳужжатларга тўлиқ жавоб бермайдиган йўллардан юришда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий комиссияси томонидан рухсатнома олиш амалиёти ҳам бекор қилинади. Эндиликда республика бўйлаб туристик йўналишларни белгилашда мазкур комиссия билан келишиш шарт эмас. ​

Top