Ажримларнинг асосий сабаблари ҳақида маълумот берилди
Бугунга келиб Ўзбекистонда ажрим ҳолатларининг умумий кўрсаткичлари бироз ошган - 31 930 та (бир йил аввалги кўрсаткич эса - 29 647 та), уларнинг аксариятига оиладаги ўзаро келишмовчилик сабаб қилиб кўрсатилган. KUN.UZ мухбири Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматованинг Халқаро Пресс-клубнинг ФҲДЁ органлари фаолиятига бағишланган сессияси доирасида берган интервьюсига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ажрим кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан бироз ошган, бироқ айрим ҳудудларда бу кўрсаткичлар пасайган.
"Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ажрим ҳолатлари камайгани қайд этилган. Тошкент шаҳрида ҳам атиги 4 тага камайган бўлса-да, биз учун бу ҳам натижа ҳисобланади", - дейди Хотин-қизлар қўмитаси ўринбосари.
Тадбирда тақдим этилган маълумотларга кўра, 2017 йилда қайд этилган ажримларнинг сабаблари қуйидагилардан иборат:
- ўзаро келишмовчилик - 67,4 фоиз;
- бошқа оила қуриб яшаётганлиги - 6 фоиз;
- фарзандсизлик - 4,7 фоиз;
- тарафнинг бошқа давлатга чиқиб кетганлиги - 3,8 фоиз;
- узоқ вақт бирга яшамаганлиги - 2,9 фоиз;
- хиёнат ва бошқа сабаблар - 2,8 фоиз.
"Бугунга келиб Ўзбекистонда расмийлаштирилмаган оилалар жуда кўплиги аниқланмоқда. Буларнинг ҳисобига ҳам ажрим кўрсаткичлари ошиб кетмоқда. Қайси маънода? Масалан, эркак биринчи оиласидан қонуний ажрашмай туриб, иккинчи никоҳи билан яшаяпти. Биз жойларда юриб, оилаларни ўрганиб, уларни қонуний ажраштириб (чунки иккинчи оилада фарзандлар бор, ҳаёти яхши), кейингиси билан никоҳни қонунийлаштирамиз, бу эса биринчи оиладаги ажрим ҳисобига умумий ажрим кўрсаткичларининг ошишига олиб келмоқда", - дейди Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова.
Мавзуга оид
16:43 / 27.12.2024
«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли қурилишига старт берилди
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024