«Ноль – сеҳрли рақам»: Билл Гейтсдан энг ёрқин иборалар
1994 йилда 9,35 млрд доллар бойлик билан энг бой тадбиркорлар рўйхатида биринчи ўринда жойлашган Билл Гейтс қаторасига 14 йил бу ўринни тарк этмади. Бир йилдан сўнг унинг Microsoft компанияси компьютерлар оламида инқилоб ясаган Windows 95 операцион тизимини ишлаб чиқди.
Узоқ йиллар давомида монополия яратишда айбланиб келган Гейтс хайрия ишлари билан шуғулланиш учун аллақачон Microsoft бошқарувидан кетган. У бугунга қадар миллиардлаб доллар маблағни хайрия мақсадларида сарфлаган. Forbes Билл Гейтснинг энг ёрқин ибораларини ёдга олди.
Дастлаб иш бошлаган пайтимизда Пол Аллен ва мен ҳар бир стол ва ҳар бир уйда компьютер бўлиши лозим деган мақсадни олдимизга қўйгандик. Бу ғоямиздан кўпчиликнинг энсаси қотганди. Бугунги кунда компьютерлар ҳаётимиздан қанчалик чуқур жой олганини кўриб, бу инқилобда Microsoft ўйнаган ролдан фахрланамиз.
Агарда биотерроризм ва яна айрим оғишларни ҳисобга олмаса, инновациялар жуда яхши нарса. Инновациялар инсонлар ҳаётини яхшилайди. Афсуски, бу технологиялар одамларга биз истаганимиздан кўра секинроқ етиб боряпти.
Семизлик, диабет, Альцгеймер касаллиги — биз ҳали еча олмаган кўплаб муаммолар бор. Илғор дастурий таъминот ва сунъий онг бизга биологияни тушунишга, табиатга қандай аралашиш мумкинлигини аниқлашга ва инсонлар ҳаётини янада яхшилашга ёрдам беради деб ўйлаяпман.
Сунъий онг меҳнат бозорини ўзгартиради – аммо бозор иқтисодиётида ҳамиша катта ўзгаришлар юз беради. Инновацияларни жорий этишни чеклаш яхши қарор эмас.
Компьютер ёрдамида кўплаб ишларни амалга ошириш мумкин. Унда фақат ўйин ўйнаш яхши иш эмас. Бу сизнинг бор салоҳиятингизни очишга ёрдам бермайди.
Мен 20-30 ёшимда жуда ўжар ва сабрсиз эдим. Ҳозир ҳам бундан қутулганман деб айтолмайман. Аммо бу хусусиятлардан меъёрида фойдаланишни ўргандим деб умид қиламан.
Мустақил ўқиб-ўрганиш яхши, чунки сиз ўзингиздаги ишончни оширасиз ва ичингизда: «Мен анча яхши биламан. Буни ўқитувчилардан кўра яхшироқ биламан. Энди кейинги босқичга ўтишга уриниб кўраман, балки бу янада яхши бўлар» деб ўйлайсиз. Бу айниқса компьютерлар борасида муҳим. Дастурингиз носоз, буни дастурни ишга тушираётган пайтингизда англайсиз. Бу вазиятда тузатишлар киритасиз ва уни яна ишга туширасиз.
Ёшлик даврингда нимададир бошқалардан яхшироқ бўлиш жуда яхши. Мен эса икки нарсада: ўқиш ва математикада яхшироқ эдим. Аммо компьютерлар мени ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ жалб этган.
Мен кечаю кундуз дастурлар тузар ва ҳамкасбларимга: «Биз бу ишни бир неча ойда тугатишга ваъда берганмиз – ваъдамизни бажаришимиз шарт» дердим.
Биз битта яхши маҳсулот билан чекланиб қолишни истамасдик. Биз кўпроқ одамларни ишга олиш ва бутун бошли маҳсулотлар тўпламини яратишни истардик.
Биз учун асосийси ҳар доим энг ақлли одамларни ишга олиш бўлган. Бу ерда бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Дунёдаги 95% одам дастурий таъминот туза олмайди.
Биз ретейлда хатоларга йўл қўйдик ва бу хатолардан хулоса чиқардик. Биз баъзи давлатларда агентларни ёлладик, аслида уларсиз ишлаган яхши. Ўз кадрларингга эга бўлган яхшироқ. Агар жиддий компания бўлишни хоҳласангиз, узоқ муддатли стратегияга амал қилинг. Ўзингиз ишламоқчи бўлган мамлакатларда ўз одамларингизни қўйинг ва улар тез пул топиш ортидан югуришга эмас, узоқ вақт бирга ишлашга тайёр эканликларига ишонч ҳосил қилинг. Биз буни жуда тез англаб етдик.
Мен 10 млрд доллар солиқ тўладим – бунча миқдордаги солиқни ҳеч ким тўламаган. Аммо давлат менга ўхшаган кишилардан солиқни бундан ҳам кўпроқ олиши керак.
Ноль — бу сеҳрли рақам. Сиз дунёдаги ўлимлар сони нолга тушиши учун барча нарсани амалга оширасиз ва бундан фахрланиб юрасиз ёки ҳар доим нолга қайтиб, таслим бўласиз, дастлабки нуқтада қотиб, нуфузингиз, кучингиз, пулларингизни йўқотасиз.
Мавзуга оид
17:20 / 10.12.2024
Билл Гейтс миллиардер бўлишда ёрдам берган болалигидаги одати ҳақида айтиб берди
23:45 / 09.12.2024
Ҳиндистонлик миллиардерларнинг умумий бойлиги 905 млрд доллардан ошди
18:28 / 04.12.2024
Италия австриялик миллиардер Рене Бенкони ҳибсга олишга ордер берди
21:33 / 24.11.2024