15:56 / 08.12.2018
8703

Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга сайлаш ҳуқуқи берилиши мумкин

Фото: tkgorod.ru

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.

«Яна бир муҳим масала – халқимизга хос бўлган инсонпарварлик ва  бағрикенглик тамойиллари асосида жазони ўтаётган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш тизимини ҳам такомиллаштириш вақти келди», - деди давлат раҳбари.

Маълумки, Конституцияда барча фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган. 

«Шуни инобатга олган ҳолда, маҳкум шахсларнинг келгусида ижтимоий ҳаётга мослашуви учун кўмак бериш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида масофадан туриб таълим олиш тизимини жорий этиш лозим. 

Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг сайлаш ҳуқуқини чекловчи нормаларни келгусида халқаро меъёрлар асосида қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ», - дея айтиб ўтди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 20 мингдан зиёд фуқаро «махсус ҳисоблар»дан чиқарилгани хабар берилганди.

Top