11:48 / 09.11.2023
20629

“Дунё сиёсий архитектураси том маънода ўзгармоқда” — Шавкат Мирзиёев

Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтди. Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Авваламбор, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида сизлар билан учрашиб турганимдан беҳад хурсандман. Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!” – деди президент нутқи аввалида.

Шавкат Мирзиёев ИҲТнинг халқаро майдондаги аҳамиятига тўхталди.

“Бугунги олий даражадаги учрашувимиз бизнинг умумий тараққиёт йўлида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қатъий интилишимизнинг яққол далилидир.

Бугун кўз ўнгимизда дунё сиёсий архитектураси том маънода ўзгармоқда ва глобал қайта қурилиши содир бўлмоқда.

Бу мураккаб жараёнларда ўзининг катта ўрнига эга бўлган ташкилотимиз давлатлари биргаликда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши, вужудга келаётган хавф-хатарларга қарши самарали ечимлар топиши муҳимдир.

“Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида ўтаётган саммитимизда сиз, азиз ҳамкасбларим билан кўп томонлама алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқиш ва энг долзарб масалалар бўйича батафсил фикр алмашамиз.

Барчангизга бугунги тадбиримизда иштирок этаётганингиз ва ўзаро манфаатли муносабатларимиз равнақига қўшаётган улкан ҳиссангиз учун алоҳида ташаккур билдираман.

Фурсатдан фойдаланиб, Озарбайжон Республикаси Президенти ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиевни ташкилотимиздаги муваффақиятли раислиги билан самимий табриклайман.

Озарбайжон раислиги доирасида “Яшил ўтиш ва ўзаро боғлиқлик йили”да ўтказилган қатор тадбир ва ташаббуслар амалий шериклигимизни кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшди.

Келгуси йилда ташкилотимизга раислик қиладиган Эрон Ислом Республикасининг минтақавий савдони ривожлантириш орқали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасидаги режа ва мақсадларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Top