22:22 / 26.12.2018
4215

Хитой давлат кимё корпорациясининг собиқ бош директори порахўрлик учун 12 йилга қамалди

Хитой давлат кимё корпорацияси Sinochem Group’нинг собиқ бош директори Цай Сию порахўрлик учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Тегишли ҳукм Тайань шаҳри халқ суди томонидан чиқарилган.

2017 йил июлда Хитой компартиясининг интизомни текшириш бўйича марказий комиссияси Цай Сиюнинг партия таркибидан чиқарилиши ва эгаллаган лавозимлардан четлатилишини маълум қилган. Партия ичидаги тергов натижаларига кўра, собиқ амалдорнинг коррупциявий жиноятлари фош қилинган ва материаллар суд идораларига топширилган.

Тергов 1996-2016 йиллар давомида давлат энергетик компанияларида бир қатор масъулиятли лавозимларни эгаллаган Цай Сию ўз хизмат мавқеидан бойишда фойдалангани, муайян шахслар ва ташкилотларга музд эвазига шартномалар тузишда ёрдам берганини аниқлаган. Собиқ амалдор умумий ҳисобда 53 млн юандан (7,7 млн доллар) кўпроқ пора олган. Суд унинг зиммасига 3 млн юан (441 минг доллар) жарима тўлаш мажбуриятини юклаган, ноқонуний орттирган мол-мулкини давлат фойдасига мусодара қилган.

Sinochem Group Хитойнинг энг йирик кимёвий компанияси ҳисобланади. Унинг таркибига Хитой ва хориждаги 300 дан кўпроқ корхона киради, ходимлари сони 50 мингга етади. 2017 йил натижаларига кўра, компаниянинг жами активлари 417,2 млрд юанни (60,5 млрд доллар) ташкил қилди. Компания 2018 йилда дунёнинг энг яхши компаниялари рейтинги Fortune Global 500’да 98-ўринни эгаллаган.

Top