18:06 / 02.02.2019
37438

Видео: Tashkent City'га уюштирилган илк пресс-тур тафсилотлари

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳри марказида Tashkent City лойиҳаси амалга оширилаётгани ҳақида бир неча бор хабар қилинган эди. Айни лойиҳа атрофида турли хил хабарлар пайдо бўлмоқда. 31 январь куни мазкур лойиҳада ишлар қандай олиб борилаётгани ва ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб бериш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. 

Журналистлар ва операторлар жамоаси даставвал Boulevard деб номланган тураржойлар мажмуаси барпо этилаётган 7-лотга ташриф буюришди. Ушбу мажмуани қураётган Premium Village компаниясининг 7-лот бўйича раҳбари Александр Цон тураржой бинолари қурилишига доир тафсилотлар билан ўртоқлашди. 

Видео: Tas-IX

Видео: Youtube

«Мажмуа fast-track, яъни параллел лойиҳалаш асосида қурилмоқда. У 6та кўп қаватли бинолар мажмуасидан иборат бўлади. Ҳар бир уй остига 582тадан узунлиги 14 метрлик 80 см диаметрдаги қозиқоёқлар қоқилиб чиқилди. Барча уйлар ерости сувларидан ишончли ҳимояланган», - деди Александр Цон. 

У, шунингдек, мажмуа 2020 йил май ойида фойдаланишга топширилишини билдирар экан, тураржой биноларининг сейсмик бардошлилигига ҳам ойдинлик киритди. 

«Уларнинг зилзила бардошлиги норматив бўйича +9 баллдир. Биноларнинг бетон ишларида 400 маркали цемент ишлатилмоқда. Бу 1 см2.га 400 кг юк мос келади, деганидир. Шунга биноан, бемалол ушбу уйлардан харид қилган бўлар эдим», - дея таъкидлади 7-лот раҳбари. 

Premium Village компаниясининг 7-лот бўйича раҳбари Александр Цон

Цоннинг айтишича, ишлар 2 сменада ташкил этилган бўлиб, биринчи сменада ишчилар соат 8-00дан 17-00 оралиғида ишлайди. Иккинчи смена кечки 20-00дан тонгги 5-00гача давом этади. 

«Менга 12 соат ишлайдиган ишчи керак эмас. Чунки, бу хавфсизлик жиҳатидан ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Кўп ишлаган ишчи ёки хато қилади, ё бўлмаса, бирор кор-ҳол рўй бериши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистонда иш соатлари белгилаб берилган. Шунга кўра, иш ва дам олиш кунлари ташкил этилади», - деди Александр Цон. 

Таъкидлаш ўринлики, ОАВ вакилларига қурувчилар учун барпо этилган шароитлар кўрсатилиши айтилган бўлса-да, фақатгина Discover Invest ходимлари ишлаётган офиснигина кўришга имкон берилди. 

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, Boulevard мажмуасининг 15 фоиз хонадонлари сотиб бўлинган. 

Шундан сўнг, Tashkent City дирекцияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Вазирлар Маҳкамаси Қурилиш департаменти, вазирликлар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбар ходимлари иштирок этиб, ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди. 

Хусусан, Tashkent City лойиҳасида 700 инвестор иштирок этишни истамаган. Қолаверса, маҳаллий банклар ҳам даставвал лойиҳанинг жозибадорлигига ишонмаган. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City лойиҳасига инвесторларни жалб қилиш жараёни қандай бўлгани хусусида сўзлаб берди. 

«Президент менга Tashkent City қурилишини 3 йилда тугатиш топшириғини берди. Мен 700дан ортиқ инвестор билан учрашдим. Уларнинг барчаси иштирок этишдан бош тортди, чунки лойиҳа жозибадор эмас эди. Аҳоли уйларини бузиш, одамларни кўчириш ва бошқа муаммолар. Сармоядорлар буни 3 йилда тугатиш мумкинлигига ишонишмади. Кейин мен Murad Buildings ва Real House вакилларига лойиҳа жозибадор эканини тушунтирдим ва уларни таклиф этдим. Қийинчиликларга қарамай, улар розилик билдиришди. Хоҳлардимки, Ўзбекистонда шундай довюрак тадбиркорлар кўпайса. 3 йилда тугаши керак бўлган лойиҳа ижросига ҳамма ҳам кириша олмайди», - деди Ортиқхўжаев. 

Шаҳар ҳокими шунингдек, лойиҳа амалга ошишига маҳаллий банклар ҳам ишонмагани, уйлар бузилиб, аҳоли кўчирилганидан сўнг, банклар қизиқа бошлаганини таъкидлади. 

«Дастлаб банклар ҳам рад этди. Мен банкларга бориб, бошқарувчилар билан гаплашдим. Уйлар бузилиб, аҳоли кўчирилганидан кейин вазият ўзгарди. Банклар лойиҳага қизиқиш билдира бошлади. 1 гектар ер майдони 2 млн АҚШ долларига баҳоланди. Лойиҳанинг барча иштирокчиларига тенг шароитлар тақдим этилди», - дея қайд этди шаҳар ҳокими.

Пресс-тур доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида йирик лойиҳада иштирок этаётган хорижий компанияларнинг янгидан ташкил этилгани хусусидаги масалаларга ҳам ойдинлик киритилди. Ташқи савдо ва инвестициялар вазири ўринбосари Лазиз Қудратов компаниялар қандай қилиб Tashkent City сармоядорларига айланганини изоҳлади. 

«Компаниялар бир йил, ярим йил аввал ташкил этилгани ҳеч қандай рол ўйнамайди. Бу дунёда кузатиладиган амалиёт. Кўпчилик, қандайдир лойиҳани амалга ошириш учун янги тузилмалар ташкил этади. «Special purpose vehicle» деган ибора бор. Самарали ва таъсирчан молиявий бошқарувни ҳамда солиққа тортишни амалга ошириш учун йирик компаниялар ўзларининг шўъба корхоналарини ташкил этади. У яқинда ташкил этилган бўлиши мумкин, бироқ у айнан лойиҳани самарали бошқариш мақсадида тузилади. Бунда қандайдир жиноий аломатлар бўлиши мумкин эмас», - деди Лазиз Қудратов.

Маълум қилинишича, Tashkent City лойиҳасини амалга ошириш учун 6 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Анжуманда, ишчиларнинг ойлик маошлари 1 млн 400 минг сўмдан 2 млн 500 минг сўмгача экани билдирилди. Бундан ташқари, иш жойида 3 маҳал бепул иссиқ овқат, ҳар ойда 200 минг сўмлик озиқ-овқат пули берилиши қайд этилди. 

Таъкидлаш ўринлики, матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев, ижтимоий тармоқлар ва хориж матбуотида Tashkent City лойиҳасига доир айрим хабарлар изоҳ берди. 
У лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган компанияларнинг айримлари Akfa компаниясига тегишли эканини тасдиқлади. Шу билан бирга, ҳокимликка тайинланаётганида Akfa Group ҳолдинг компаниясидаги улушини бировга бериш талаб этилмаганини билдирди. 

Шаҳар ҳокими OpenDemocracy сайтида эълон қилинган мақоладаги фактлар юзасидан берилган очиқловчи саволга жавоб берар экан, Akfa ҳолдинг компаниясида улушга эгалигини билдириб, ҳоким бўлиши, 20 йиллик компанияси улушидан воз кечишини англатмаслигини таъкидлади.  

«Ҳақиқатдан Akfa 20 йиллик компаниям. Ўзим ташкил этганман компанияни. Тўғрисини айтсам, ҳоким бўлиш тушимга ҳам кирмаган. Ярим соат олдин эшитганман ҳоким бўлишимни. Аммо, 20 йиллик компанияни, тўғрисини айтаман, 31 минг ишчиси билан шундоқ ташлаб кетиш...

Мен ҳоким бўлганимда, президентимиз шу ерда (компанияда-таҳр.) орттиргин тажрибаларингни, деб ҳоким сифатида тайинлаганлар. Компания бошқарувини бошқа инсонларга, шогирдларингга ташлаб кетгин, деган талаб бўлган. Лекин ҳиссангни бергин, деган талаб бўлмаган. 

Агар, менда Boeing акцияси бўлса, ҳоким бўлиб, бериб юборишим керакми? Ёки Apple акцияси бўлса қўлимда, мен ишни бошқармайман у компанияда, ҳоким бўлдим, уни ҳам сотишим керакми?», - дея жавоб берди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. 

Пойтахт шаҳар ҳокими, шунингдек, 3-лотда барпо этилаётган Hilton меҳмонхонаси ва йирик маҳаллий ҳамда халқаро анжуманлар ўтказиш учун мўлжалланган Congress-Hall биноси Akfa Dream World томонидан барпо этилиб, фойдаланиш учун ҳукуматга беғараз топширилишини маълум қилди.

«Akfa Dream World 3-лотдаги Hilton меҳмонхонаси ва йирик маҳаллий ҳамда халқаро анжуманлар ўтказиш учун мўлжалланган Congress-Hall биносини қуряпти. Бироқ ундан фойда кўрмайди. Булар қурилиб, ҳукуматга топширилади. Беғараз берилади», - деди Ортиқхўжаев.

Матбуот анжуманида туркиялик сармоядор Аҳмет Демирнинг «Чорсу» меҳмонхонаси бўйича инвестиция мажбуриятларига доир сўнгги баёнотларига нисбатан ҳукумат вакилларининг изоҳлари ҳам янгради. Иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ғуломовга кўра, туркиялик тадбиркор Аҳмет Демир «Чорсу» меҳмонхонаси бўйича ўз инвестиция мажбуриятларини ҳамон бажармаган. Унинг айтишича, Demir Group компанияси 2017 йил сентябрида «Чорсу» меҳмонхонаси биносини камида 33 млн доллар миқдорида инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан ноль харид қийматида сотиб олди. Бироқ, инвестор «ҳеч нарса қилмаган».

«Тўрт юлдузли меҳмонхона бўлиши айтилди, катта ваъдалар берилди, 30 миллион хорижий инвестиция киритилиши айтилди. Натижани кўряпмиз. Ваъдани бажариш ўрнига, ўзбек банклари пул бермагани, шунинг учун муддатлар кечикаётгани ҳақида гапирмоқда. Бу ерда ўзбек банкларининг нима алоқаси бор? Инвестор сармоя киритиш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олган эди. Аммо, сармоя киритгани йўқ», - деди Ғуломов.

ОАВ вакиллари билан учрашув чоғида Тошкент метросидаги поездлар ҳаракатининг секинлашуви Tashkent City қурилиши билан боғлиқми, деган саволга ҳам мутасаддилар томонидан ойдинлик киритилди. Tashkent City маъмуриятидан маълум қилишларича, метро устида ҳеч қандай бинолар қурилмаяпти. 

Маълумки, 2018 йил сентябрь ойи бошларида пойтахт ҳокимлиги ушбу участкада шпаллар ва рельслар алмаштирилаётганини маълум қилганди. 

«Поездлар ҳаракатланишининг секинлашуви шпаллар ва рельсларни янгилашдаги техник регламентларга боғлиқ. Поезд тезлигини пасайтириш йўл материалларини «силлиқлаш» учун талаб қилинади. Метро составларининг секинлашиши 5 кундан 10 кунгача давом этади, йўловчиларнинг безовта бўлишига ҳеч қандай сабаб йўқ», - деганди ўшанда «Toshkentmetropoliteni» ДУК ҳаракатланиш хизмати бошлиғи Султон Қодиров.

Бироқ, орадан 5 ой муддат ўтди ҳамки, «Халклар Дўстлиги» ва «Пахтакор» бекатлари орасидаги участкада поездлар ҳаракатининг секинлашуви ҳамон кузатилмоқда.

Top