17:29 / 08.02.2024
14751

Minerva City’ни қуришга ажратилган ер шаҳар ҳокимлиги балансига қайтарилди — Янгиҳаёт тумани ҳокими 

Туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов Minerva City мажмуасини қуриш учун ажратилган 100 гектарлик ҳудуд пойтахт ҳокимияти балансига ўтганини, қурувчи ҳиндистонлик тадбиркор устидан судда ютиб чиқилганини, бу ердаги уйлар учун пул тўлаб қўйганларнинг аксариятига пуллар қайтарилганини маълум қилди. Gazeta.uzʼнинг хабар беришича, ҳоким мажмуа ўрнида бошқа турар жой қурилиши режалаштирилганини айтган.  

Фото: Minerva City

Тошкент шаҳри ҳокимлиги Янгиҳаёт туманида қурилиши бошланиб, кейинроқ иши тўхтаб қолган Minerva City мажмуасини қураётган ҳиндистонлик тадбиркор устидан судда ютиб чиққани маълум бўлди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.  

Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомовга кўра, 29 январда охирги суд иши бўлиб, унда ҳокимлик ютиб чиққан. Шу билан [ҳудудни тадбиркорга қурилиш учун ажратиш тўғрисидаги] қарор бекор қилиниб, 100 гектарлик ер давлатга, яъни Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган.  

“Ундан кейин улар яна апелляцияга беришди. Ҳозир биз шу апелляцияни кутяпмиз. Лекин апелляция шикоятини ўқиб чиқсак, ҳуқуқий томондан ютадиган важларни кўрсатишмаган. Яқин 15 кунда суднинг охирги қарори бизга ҳал бўлади. Ер давлатга ўзи қайтиб бўлган, апелляция аризаси берилгани учун суд уни қайта кўриб чиқмоқда”, – деган Иноғомов. 

Қўшимча қилинишича, уй учун тўлов қилган 6 нафар фуқародан ташқари қолган ҳаммага компаниянинг ўзи пулни қайтариб берган. Улар рози бўлиб, ўша тўланган пулни олиб чиқиб кетган. 6 киши эса истамаган.  

“Улар судда ҳам иштирок этиб, [компания билан] бошқа лойиҳа қиламиз деган маънода тадбиркор билан ўзи гаплашиб олди. Уларнинг давлатдан даъвоси йўқ”, – дейилади ҳокимнинг келтирилган гапларидан. 

Маълум бўлишича, 100 гектарлик давлатга қайтган майдонда бошқа турар жой мажмуаси барпо қилинади. Унинг ёнида олийгоҳ қад ростлаши мумкин. Иноғомов бу катта ҳудуд Хитойга бўлган сафар давомида инвесторларга кўрсатилганини айтаркан, харидорлар кўп бўлганини таъкидлаган.  

“Унга пул тикаман деган инвестор бор. Тахминан 96−100 гектар жойда уй-жой бўлади. 35−40 минг фуқаро яшайдиган хонадонлар тушиши режа қилинмоқда. Унинг ичида барча хизмат кўрсатиш объектлари бўлади. Ҳали у даражага етмаган бўлсак ҳам, унинг ёнига бир университет олиб келмоқчимиз. Бизнинг туманда ҳам битта олийгоҳ бўлса, туманда зиёлилар сони кўпаяди”, – деган туман ҳокими. 

Шунингдек, туман ҳокими қурилиши режа қилинган олийгоҳ хусусий ёки давлатники бўлишини, лекин бу Иқтисодиёт ёки молия университети эмаслигини айтган. Аввалроқ Чилонзор туманидаги Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Сергели туманига кўчирилиши эҳтимоли борлиги ҳақида хабарлар тарқалганди

Эслатиб ўтамиз, MJ Developers компанияси раҳбари ҳиндистонлик инвестор билан бўлган можаро 2022 йил ноябр ойларида бошланиб, бутун жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди. У Kun.uzʼга берган интервюсида йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш унинг компанияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида тузилган уч томонлама шартнома асосида бошланганини айтиб, Minerva City учун ажратилган ернинг олиб қўйилишини собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг талабини бажаришдан бош тортгани билан боғлаб тушунтирган эди. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Мурари Лал Жаланнинг сўзларига муносабат билдириб, ҳокимлик инвесторнинг сўзларини давлат хизматчисини обрўсизлантириш деб ҳисоблаши ва Бош прокуратурага мурожаат қилинишини маълум қилган

2023 йил январ ойида эса Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бош прокурорга йўллаган шикоятини кўриб чиқиш муддати яна бир ойга узайтирилгани, Бош вазир кўрсатмаси билан MJ Developers ва пойтахт ҳокимлиги ўртасидаги инвестициявий низо махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиши қайд этилди.

Top