Жаҳон | 22:20 / 26.03.2019
10868
1 дақиқада ўқилади

Ford Россияни тарк этиш ҳақида ўйламоқда

Фото: Михаил Воскресенский / РИА Новости

Американинг Ford автоконцерни Россия бозорини тарк этиш ҳақида ўйламоқда. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб «Коммерсантъ» хабар берди.

Ҳозирда Россия ҳудудида компаниянинг учта заводи фаолият олиб бормоқда. Улар Всеволожск, Набережние Челни ва Елабугадаги заводлардир. Ford иккита заводдаги улушларини сотиб, фақатгина Елабугадаги лойиҳада ўз улушини сақлаб қолиш ҳамда Россияга автомобиль импортидан воз кечишни мақсад қилган.

Россия бозоридан кетиш ҳақидаги қарор компаниянинг норентабел бозорлардаги фаолиятини буткул қайта кўриб чиқиш дастури билан боғлиқ. Дилерлик тармоқлари орасида ўтказилган сўровга кўра, ўтган йилнинг июнь-июлида Ford енгил автомобилларига бирорта ҳам буюртма бўлмаган.

Нашр манбаларининг қайд этишларича, дастлабки икки завод учун харидор топилмаса, улар ёпилади. Елабугадаги завод эса кичик тоннажли автомобиллар ишлаб чиқаришга мослаштирилади, шунингдек, Ford Fiesta ва Ford Kuga моделлари ишлаб чиқарилиши сақлаб қолиниши мумкин.

Мавзуга оид