13:40 / 20.04.2019
34828

Ўзбекистонлик дипломатлар Қозоғистон чўлида топилган скелет юзасидан суриштирув ишлари олиб боришмоқда

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консулхонаси Россия ҳукуматига шу йил қишида ушбу мамлакатга чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган вақтида музлаб ҳалок бўлган шахс ҳақида маълумот сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

«ОАВдаги хабарларга кўра Россиянинг Оренбург области Оқбулоқ қишлоғи атрофида инсон қолдиқлари топилган. Ёнидаги ҳужжатлар ва телефонга кўра жасад Ўзбекистон фуқаросиники бўлиши мумкин. У қишда Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегарани пиёда кесиб ўтаётганда музлаб қолган дея тахмин қилинмоқда.

Мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги консулхонаси ушбу ҳодиса юзасидан расмий тасдиқланган маълумот олиш ва зарур масалаларда ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий ҳукумат органлари билан алоқа ўрнатган», дейилади хабарда.

Шу ҳафтада Россиядаги нашрлар Қозоғистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги чегарада инсон скелети топилгани, унинг ёнида Ўзбекистоннинг 22 ёшли фуқароси Сардор Норбоев номига берилган паспорт бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Бундай исмли йигит қиш фаслида бедарак йўқолган. 2019 йил 22 февраль куни «Ақтўбе эълонлари» саҳифасида унинг рафиқаси Ксения Норбоева эрини топишда ёрдам сўраб эълон жойлаштирганди.

Тахминларга кўра, йигит Қозоғистондан Россия Федерациясига чегарани ноқонуний кесиб ўтишга ҳаракат қилган, бироқ, фақат Оренбург областининг Оқбулоқ қишлоғига яқин майдонгача келган ва шу ерда музлаб қолган.

Top