11:33 / 01.06.2019
6949

Депутатлар нима дейди: Қуёш электрстанцияларини барпо этиш лойиҳалари нима учун амалга ошмаяпти? 

Сўнгги ўн йилликларда бутун дунёда энергиянинг қайта тикланувчи манбаларидан фойдаланишни кенг жорий қилиш кун тартибига чиққани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада Ўзбекистонда ҳам айрим ишларни амалга оширишга уринишлар бўлди. Аммо, лекин, бироқ...Самарқанд, Навоий, Жиззах, Сурхондарёда 100 МВт.лик қуёш электрстанциялари барпо этилиши, Тошкент вилоятининг баъзи туманларида шамол генераторлари ўрнатилиши хусусида шов-шувли хабарлар бир неча маротаба эълон қилиниб, муҳоқама қилинганига қарамай, буларнинг барчаси ҳозиргача, баландпарвоз гаплигича қолиб келмоқда. 

Қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар давлат дастурларига ҳам киритилган бўлса-да, амалиётда аниқ натижалар кўзга ташланмаяпти. Хўш бунинг сабаби нимада? Нима учун бу соҳада оқсоқлик кўзга ташланмоқда? Олий Мажлис депутатларининг Ахборот ва Оммавий коммуникациялар агентлигидаги ОАВ вакиллари билан учрашувда бу хусусда ўз фикрларини билдирар экан, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишнинг йўлга қўйилмагани, иқтисодиётнинг бу секторига инвесторлар кириб келишига асосий тўсқинликлардан бири – бу соҳани тартибга солувчи, содда ва лўнда тилда ёзилган қонун ҳужжатининг мавжуд бўлмаганидир, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири. Учрашув «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунни изоҳлаш ва унинг ижроси борасида бўлиб ўтди. 

Депутатларга кўра, хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқаришга сармоя киритмаётганлари, аҳолининг ҳам бу борада фаоллик кўрсатмаётганининг сабаби – соҳанинг қонунчилик нуқтаиназаридан тартибга солинмаганлигидир.

«Махсус комиссия томонидан ўрганишлар натижасида тоғли ҳудудлардаги айрим дарё ўзанларида аҳоли томонидан муқобил энергия ишлаб чиқарувчи генераторлар ўрнатилгани ва локал тармоқ орқали истеъмолчиларга, яъни қўни-қўшниларга сотиш жараёнларига гувоҳ бўлдик. Савол туғиладики, бундай ишлаб чиқарувчиларнинг солиқ тўлаши, истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, маҳсулотни етказиб бериш ҳуқуқий жиҳатлари қандай ҳал этилади? 

Биз мазкур масалаларни, фуқароларнинг таклиф-мулоҳазаларини ўрганган ҳолда ишлаб турган қонунга халқаро амалиётда учрамайдиган меъёрни киритдик. У ҳам бўлса, муқобил энергия манбаларидан ишлаб чиқарилган энергетикани локал тармоқ орқали сотиш ҳуқуқини белгилаб қўйдик. Бугунги кунда бу ўз самарасини беряпти», - деди Қонунчилик палатаси депутати Ислом Хушвақтов.

«Шу кунгача қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқиш борасида йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган эди. Самарқанддаги қуввати 100 МВт.лик қуёш электрстанцияси ҳам шу жумладан. Шу каби фармон ва қарорларда белгиланган барча йирик лойиҳалар, соҳани тартибга солувчи махсус қонун бўлмаганлиги, бундай электр энергиясининг таърифи берилмаганлиги, бошқарув механизмининг ҳуқуқий асослари бўлмаганлиги учун ҳам шов-шув бўлган лойиҳалар амалга ошмай қолаверди. «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун эса, ана шундай лойиҳаларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради», - дея таъкидлади Ислом Хушвақтов.

«Бу нарсани мисол билан тушунтирганимизда, – дея қўшимча қилди Экологик ҳаракат депутатлик гуруҳи раҳбари Борий Алихонов, – сиз агар муқобил энергия манбаларидан электр энергия ишлаб чиқармоқчи бўлсангиз, сизга мулк солиғи, ер солиғи кабилардан озод қилиш бўйича маълум бир имтиёзлар бериш имконияти пайдо бўлди. 

Бундан ташқари, сиз қайта тикланувчи энергия манбасидан ишлаб чиқараётган ва истеъмолингиздан ортиқчасини сотиш имконига эга бўлдингиз. Бунинг учун блок станцияга уланиш кифоя. Айтмоқчи бўлганим, бу масалада ишлаб чиқарувчини рағбатлантириш қонунда белгилаб берилди. Шу вақтгача, бу каби масалалар қонуний ечим топмаган эди». 

Top