22:22 / 04.07.2019
63948

UzAuto Motors компанияси бош директори янги моделлар, ранглар ва электромобиллар тўғрисида маълумот берди

Фото: KUN.UZ

UzAuto Motors заводига уюштирилган пресс-тур чоғида UzAuto Motors компанияси бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов президент танқиди масаласида изоҳ берган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Р.Ражабовнинг айтишича, бюджет тоифасидаги тўлиқ йиғиладиган автомобиллар моделлари қаторида ўзгариш бўлади. «Кобальт» ўрнига янги модель ишлаб чиқарилади ва у шу йил охиригача тақдим этилади.

SUV тоифадаги машиналар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади, бундан ташқари, йирик тугунли йиғиш — SKD орқали Тошкентда йиғиладиган Chevrolet Trailblazer, Chevrolet Equinox ва Chevrolet Traverse автомобилларининг ҳам йил сўнгига қадар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Компания бош директори Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтган. Жаҳонда электромобиллар сонининг тобора ўсиб бораётгани тенденцияси кўзга ташланаётганини қайд этар экан, Р.Ражабов электромобиллар бозорининг 60 фоизи Хитой ҳиссасига, қолган қисми бошқа давлатларга тўғри келишини таъкидлаган. Электромобиллар ишлаб чиқаришда рентабелликка эришишда дастлаб аккумуляторлар таннархининг пасайиши асосий масала ҳисобланади. Агар шунга эришилса, бундай автомобилларни Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Лекин ривожланган давлатлардаги технологиялар ҳам ҳозирча электромобиллар учун аккумуляторлар таннархини арзонлаштириш имконини бермаяпти.

Рустам Ражабов компаниянинг тахминий нархи 1 миллиард АҚШ доллари атрофида эканлигига ҳам урғу берган.

Пресс тур давомида компания ишлаб чиқараётган автомобилларни бўяшда янгича ранглардан ҳам фойдаланиш йўлга қўйилиши ҳақида маълум қилинган. Эксклюзив буюртма қилинадиган автомобиллар учун GK2 — жилосиз қора рангдан фойдаланилади. Шунингдек, GBO — ҳўл асфальтрангнинг янги жилоси, GAN — тўқ феруза ранг, GD8 — қора туслардан ҳам фойдаланилади. Янги ранглар сентябрь ойи охиридан бошлаб автомобилларга сепилади ва тўртинчи чоракдан бошлаб мижозларга етказилади. Алоҳида таъкидланишича, ушбу ранглар GM компанияси билан алоқадор заводлар ичида фақат Ўзбекистонда жорий этилмоқда.

Top