Жамият | 11:35 / 08.08.2019
9176
2 дақиқада ўқилади

Сахийлар кўмагидан баҳраманд бўлган оила. Дамир Россияга жўнаб кетди

Инсон бошига тушган ташвишларга юртнинг бошқа бир четидаги ватандоши мадад қўлини чўзиши хаёлийдек туюлиши мумкин. Бироқ кўрдикки, шу кунгача ўтказилган хайрия акцияларида ватандошларимиз доимо фаол иштирок этишди, муҳтож оилаларни ташлаб қўйишмади. Ёдингизда бўлса, бир неча кун муқаддам Дамирнинг хасталиги, ота-онаси эса азобда эканлиги ҳақида айтиб ўтган эдик. Болакайнинг онаси маблағ жуда зарур эканлиги, тез орада операция қилиниши кераклиги ҳақида айтиб ўтган эди. Ватандошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан оилага етарли маблағ йиғилди. Оилага катта синов олдидан далда бўлиш мақсадида аэропортда улар билан суҳбатлашдик.

«Ўша куни хайрия мақоласи қўйилганидан сўнг, катта миқдорда маблағ тушиши бошланди. На хурсанд бўлишни биламан, на йиғлашни биламан. Наҳотки, одамлар шунчалик ёрдам беришади?! Мен одамлар бунчалик тез ёрдам беришига ишонмагандим, очиғи. Жудаям хурсанд бўлдим. Одамлар томонидан бундай ёрдамлардан кейин ишончим яна ҳам ортди. Умидимиз ҳозир жуда катта.  

Борган вақтимизда аввал биздан таҳлилларни олишади. Такрорий ташхислар ўтказилади. Натижасига қараб консилиум қарор қилади. Лапароскопия ёки операция қилинар экан.

Ҳамма-ҳаммага ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Сизларга чин дилдан билдирадиган тилагим – бу соғлиқ. Ҳеч қачон ўзингиз ва яқин инсонларингиз хасталанмасин. Биз узоқ йўлга чиқяпмиз. Фарзандим ва бизнинг олдимизда синов турибди. Сизлардан дуо қилишингизни сўраб қоламиз», дейди беморнинг онаси Мавжуда Муҳитдинова.

Ушбу оила ҳозирда Россия давлатига етиб борди ва муолажаларни бошлади. Қилган эҳсонларингиз ўз жойига етиб келиб, бир жажжи болакайнинг соғлом ҳаётга қайтишига хизмат қилсин. Солиҳ амалларингиз бардавом бўлсин.

Мавзуга оид