18:08 / 29.08.2019
0
6919

Хорижда фаолият юритган кардиохирургия соҳасидаги тажрибали мутахассислар ҳудудлардаги муассасаларда хизмат қилишмоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон кардиологияси жаҳон илм-фани билан ҳамқадам одимламоқда. Жаҳон илм-фани янгиликлари бўлган ноёб операциялар нафақат Тошкент шаҳрида, балки вилоятлардаги кардиология муассасаларида ҳам амалга оширилмоқда.

Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиали ўз фаолиятини бошлаган эди. 120 ўринга мўлжалланган мазкур марказда реабилитация ва юрак ишемик касалликлари, сурункали юрак етишмовчилиги ва аритмология, артериал-гипертензия, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик, кардиожарроҳлик, қабул-диагностика каби бўлимлар, кунлик 100 қатновга мўлжалланган замонавий поликлиника фаолият юритмоқда.

Филиалнинг кадрлар салоҳияти ҳам жаҳондаги нуфузли клиникалардан қолишмайди. Бу ерда маҳаллий шифокорлар билан бир қаторда, Россия, Германиядаги етакчи тиббиёт муассасаларида фаолият юритган етук олимлар ва тажрибали мутахассислар иш олиб боряпти. Хусусан, узоқ йиллар А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургия марказида фаолият юритган тиббиёт фанлари номзодлари Хуршид Фозилов, Олег Пўлатов, Берлин университетининг Шарите клиникаси малакали шифокори Адҳам Жалилов каби ватандошлар юртга қайтиб, ушбу марказда халқимизга замонавий тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Уларнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам юксак қадрланмоқда. Жумладан, куни кеча малакали кардиолог Хуршид Фозилов Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан Президент Фармонига кўра «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.

– Ушбу мукофот мен ва мен каби ҳамкасбларим фаолиятига бўлган юксак баҳо, деб ҳисоблайман, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Хуршид Фозилов. – А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургия марказида етти йил ишлаганман. Ўзбекистонга келиб бу ерда тиббиёт соҳасида яратилган замонавий шароитларни кўриб, тўғриси, жуда ҳайратландим. Айниқса, филиалимиздаги имкониятлар дунёнинг тараққий этган тиббиёт марказларидан асло қолишмайди. Шу туфайли бу ерда жаҳон тиббиётидаги энг мураккаб амалиётлар муваффақиятли бажарилмоқда. Келгусида тиббиётимизнинг бундай ютуқларини янада ривожлантиришга муносиб улуш қўшишни асосий мақсад қилганмиз.

«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтда марказда ойига стационар шароитда 400 нафар беморга тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, амбулатор шароитда мурожаат қиладиган кунлик қатновлар сони 100 нафардан зиёдни ташкил этади.  Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 800 нафарга яқин беморларга юқори технологияга асосланган тиббий ёрдам кўрсатилган. Жумладан, 500 нафарга яқин беморда коронароангиография, 120 нафар беморда коронар қон томир ва уйку артерияларни стенлаш, 100 нафардан ортиқ беморда аортокоронар шунтлаш, 50 нафардан зиёд беморда доимий электрокардиостимулятор ўрнатиш ва орттирилган юрак нуқсонларида клапанларни протезлаш каби энг мураккаб кардиохирургик амалиётлар муваффақиятли амалга оширилди.

Ушбу ютуқлар халқимизга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида, тиббиёт туризмини ривожланишга ҳам ҳисса қўшади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг телеграмдаги канали хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top